06:10 msk, 17 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон ДХХ раҳбари ташқи кучлар ва мухолифатни мамлакат учун хавф эканини эътироф этди

03.04.2018 10:06 msk

Фарғона

Ихтиёр Абдуллаев. Uznews.uz сайти фотоси
Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизматининг раиси Ихтиёр Абдуллаев Олий Мажлис сенати мажлисида сўзга чиқиб, мамлакат барқарорлигига четдаги кучлар ва сепаратчи ҳаракатлар хавф солишини таъкидлади. ДХХ раҳбари нутқини ЎзА чоп этган.

«Айрим қўшни мамлакатлардаги нотинчлик, террорчи гуруҳларнинг фаоллиги, жангарилар сафида бўлган ёшларнинг ватанга қайтиши, экстремистик руҳдаги диний адабиётларнинг кириби келиши, бугунги кунда айрим ташқи хавфларнинг мавжудлиги кўрсатади», - деди Абдуллаев.

 Kun.uz, хабар беришича, Давлат хавфсизлик хизмати раиси Ихтиёр Абдуллаев Ўзбекистонга қўшни давлатнинг шимолий ҳудудида ИШИД, Толибонлар ҳаракати, Туркистон ислом ҳаракати ва бошқа бир қатор жангари гуруҳларнинг фаоллашуви, жанговар ҳаракатларда қатнашган Марказий Осиё давлатларидан чиққан жангарилар турли давлатлар орқали Ўзбекистонга қайтиб келаётгани масаласи янги таҳдидларга сабаб бўлаётганини билдиради.

Бундан ташқари, Абдуллаев таҳдидлар шаклан турли сепаратистик кучларнинг фаоллашуви, уларнинг айрим чет эл махсус хизматлари томонидан молиялаштирилаётганлигида ҳам намоён бўлаётганини таъкидлаган. “Ўзини мухолифатчи деб атайдиган айрим кучларнинг мақсади мамлакатга қайтиб, ундаги барқарорликка путур етказишдан иборатдир”, - деди у.

Абдуллаев сўзларига кўра, хорижга ишлагани кетаётган Ўзбекистон фуқароларининг айрим ҳолларда турли эстремистик гуруҳлар таъсирига тушиб қолаётгани ҳам ташвиш уйғотади. У мамлакатга кириб келаётган пуллар оқимига ҳам тўхталиб ўтган: «Чет эл мамлакатларидан кириб келаётган барча сармояларни ҳам биз учун фойдали, деб ҳисоблаб бўлмайди».

«Буларнинг барчаси назоратимизда бўлиши керак», - деди Абдуллаев.

Сенат томонидан ДХХ ҳақида қонун қабул қилинишига изоҳ бераркан, махсус хизматлар раҳбари Миллий хавфсизлик хизмати 26 йил давомида норматив актлар билан бошқарилмаганини таъкидлайди. «Қонун асосида хизмат ходимлари конституциявий тузум, мамлакат ҳудудий яхлитлигига қарши тажовузлар, бошқарув тизимидаги коррупцияга қарши курашадилар. Махсус хизматлар уюшган жиноий гуруҳлари, ноқонуний давлат харидлари, системали коррупцион жиноятлар билан курашиб, уларнинг олдини олишга ҳаракат қилади», - деди Абдуллаев.

2018 йил 14 март куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев фармони билан Миллий хавфсизлик хизмати Давлат хавфсизлик хизматига ўзгартирилди.

«Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги қонун 24 март куни Сенатнинг ўн тўртинчи ялпи мажлисида қабул қилинди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги