00:04 msk, 20 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Москва кинофестивали дастурига «Сабот» ўзбек фильми ва “Тунги маъбуд” қозоқ фильми киритилди

02.04.2018 13:01 msk

Фарғона

«Сабот» фильми постери. Nuz.uz сайти иллюстрацияси
Рашид Маликовнинг “Сабот” психологик драмаси ва қозоғистонлик Одилхон Ержановнинг “Тунги маъбуд” артхауз картинаси 19 дан 26 апрелга қадар ўтажак 40- юбилей Москва халқаро кинофестивали конкурс дастурига киритилди. 30 март куни Москвада ўтказилган матбуот анжуманида жюри таркиби, конкурс фильмлари ва фестивалнинг махсус дастурлари эълон қилинди.

«Сабот» (Sabot, 2018) Ўзбекистон кинометографиясини ривожлантириш маркази томонидан тақдим этилди. Фильм воқеалари 1989 йили бўлиб ўтади. Совет армиясининг собиқ капитани, афғон уруши иштирокчиси Саъдулла кичкина уйда, ёлғизликда умр кечиради. Унинг кўз олдида доим бир нарса гавдаланаверади: унинг олдига армиядош дўсти тириклигида қандай формада бўлган бўлса, ўшандай формада ва ўша пайтдаги автомати билан меҳмонга келаверади. Тиббий кўрикдан ўтган Саъдулла саратон касали йўлиққани, озгина умри қолганини билади. Энди у энг муҳим ишларга - мактабга сув ўтказиш, бир шаҳарчада яшаб, гаплашмай юрган ўғли билан ярашиб олиш ва собиқ хизматдошини кўриб келишга улгуриши керак. Бош ролларда Карим Мирходиев, Саъдулла Молдаханов, Бекзод Ҳамраев, Нигора Каримбаева, Зулҳумор Мўъминовалар ўйнаган.

Рашид Маликов  1958 йили Москвада туғилган. 1980 йили Тошкент тиббиёт институтини тамомлаган. 1986 йили ВГИК (Бутуниттифоқ давлат кинометография институти, Юрий Озеров курси) режиссёрлик факультетини битиради. 1988 йили “Клиника” номли дастлабки фильмини тасвирга олади.Унинг “Яхши ҳулқ” деб номланувчи диплом иши Москва кинофестивали совринини олади. Маликов Россия, Франция, АҚШ, Туркманистон кинофестивалларида иштирок этган саккизта қисқаметражли бадиий фильмларни суратга олган.

Қозоғистон фестивалга Одилхон Ержановнинг “Тунги маъбуд” (2017) фильмини тақдим қилади. Ержанов Қозоғистондаги энг истиқболли режиссёрлардан бири ҳисобланади. У 1982 йили Жезқазғанда туғилган (Қозоғистон ССР), 2009 йили Миллий санъат академиясининг режиссёрлик факультетини тамомлаган. Ержанов 2011 йили ўзининг дастлабки қисқаметражли “Риэлтор” фильмини суратга олади. Унинг 2013 йили суратга олган “Хўжайинлар” фильми Канн кинофестивалининг махсус дастурида намойиш этилган ва бир неча совринни қўлга киритган, Осиё киноакадемияси мукофотига номзод этиб кўрсатилган. Унинг “Каратас аулидаги вабо” картинаси (2016) Роттердам кинофестивалининг NETPAC мукофотини қўлга киритган.

Ержановнинг картиналари кино тилини излаши, ўткир ижтимоий мавзуларни ўртага ташлаши, фантасмагория билан ажралиб туради. “Икки ишчи шошилмасдан суҳбат қуради. Одамлар тез-тез осмонда кометаларнинг қизил думларини кўрадилар, йўқ жойдан ажабтовур маҳлуқлар пайдо бўлади. Ер қаъридан даҳшатли овозлар эшитилади. Бу нимадан экан? — деб сўрайди улардан бири. Иккинчиси умрида бундай нарсаларни кўрмаганини айтади. Бордию, мана шундай нарсалар бор бўлса, уларга эътибор бериш керакми? Асосийси, ўз ишингни бажаришинг керак, ҳаёт ўз йўлида давом этаверади», — дейилади “Тунги маъбуд” фильмининг қисқа мазмунида. Фильмнинг Москва кинофестивалида қатнашиши — унинг жаҳон премьреаси ҳисобланади.

Бундан ташқари, Москва кинофестивалининг конкурсдан ташқари дастурига қирғизистонлик режиссёр Айбек Дайирбековнинг “Дарахт куйи” фильми киритилган. Фильм Қирғизистон, Қозоғистон ва Россия ҳамкорлигида қирғиз ривоятлари асосида суратга олинган. Фильмга саунтрекни «Город 312» гуруҳи хонандаси Светлана Назаренко ва Қирғизистонда хизмат кўрсатган артист Жилдиз Османалиевалар ёзган. Фильм тақдимоти 1 март куни Бишкекда бўлиб ўтган.

Фестивални турк режиссёри Ферзан Озпетекнинг “Неаполь зулмат оғушида” мистик триллери очиб беради. Асосий конкурсга 15 фильм киритилган. Улар орасидан Эдуард Новиковнинг “Шоҳ қуш”, хитойлик Ян Ги хонимнинг “Ню, Харальд Цвартнинг (Норвегия) “Ўн иккинчи одам”, Ким Жэханнинг “Аскар хотираси”, Антони Кордьенинг “Гаспар тўйга боради”, Серхио Трефонинг (Португалия) “Ғазаб”, Клер МакКартининг “Офелия”, Мурад Дюгуноғлининг (Туркия) “Халеф”, Мерседес Лаборденинг (Аргентина) “Леон йили” картиналари ўрин олган.

Одатда Москва кинофестивали июнда ўтказилади, лекин 2018 йилги футбол бўйича Жаҳон чемпионати сабаб, у апрель ойига кўчирилди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги