23:38 msk, 13 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

АҚШда терроризм бўйича судланган Ўзбекистон фуқаросига янги айблар қўйилди

14.03.2018 13:17 msk

Фарғона

Republicbuzz.com сайти фотоси
АҚШда террорчиларни қўллаб-қувватлагани ва ноқонуний портловчи моддаларни сақлагани учун 25 йилга озодликдан маҳрум этилган Ўзбекистон фуқароси Фазлиддин Қурбонов жазо ўташ муассасаси ходимига ҳужум қилганлик билан боғлиқ янги айбини ўз бўйнига олди. Бу ҳақда 13 март куни The Washington Post газетаси хабар беради.

2013 йили ҳибсга олиниб, 2016 йил январида судланган 34 ёшли Қурбонов давлат хизматчиси Калвин Жонсонга ҳужум қилганлик айби билан судга тортилди. Тергов маълумотларига кўра, у 2016 йили Викторвилл қамоқ жазосини ўташ жойида давлат ходимига пичоқ билан ташланган. Судда Қурбонов айбига иқрор бўлди. Энди унинг жазо муддатига яна камида 15 йил қўшилиши мумкин.

Қурбонов ота-онаси, синглиси, хотини ва кичик ўғли билан 2009 йили Америкага кўчиб ўтади. Фазлиддиннинг сўзларига кўра, унинг оиласи ислом динини ташлаб, насронийликни қабул қилгани учун Ўзбекистонга таъқибга учрашидан қўрқиб океан ортига кўчиб ўтган. Дастлаб улар Қозоғистонга кўчиб ўтадилар, кейин АҚШга. 2010 йили Қурбонов яна ислом динига қайтади. Америка ҳукумати тахминларига кўра, у мана шундан кейин террорчи ташкилот деб эълон қилинган “Ўбекистон Ислом ҳаракати”га моддий ёрдам беришга ҳаракат қилади.

Қурбоновнинг ўзи мазкур ташкилот билан болаликдаги дўстини топиш учунгина боғланганини айтади. У гўёки террорчилардан олган маълумотларни ўз ихтиёри билан Америка ҳукуматига тақдим қилмоқчи бўлган. 2012 ва 2013 йиллари Қурбонов уйида ўтказилган тинтув ишлари бу ерда портловчи моддалар сақланганини аниқлайди. Шундан сўнг Қурбонов ҳибсга олинади ва унинг иши уч йилга чўзилади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги