14:43 msk, 18 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Советлар давридаги Тошкентнинг энг машҳур архитектори Андрей Косинский вафот этди

14.03.2018 11:01 msk

Фарғона

13 март куни Москвада Андрей Косинский вафот этди. У советлар даврида Тошкентнинг энг машҳур архитектори бўлган. Косинский 89 ёшда эди.


Андрей Косинский 2015 йили. Сурат муаллифи Елена Несмеянова. Манба – Thebestofrussia.ru

Андрей Станиславович Косинский 1929 йили Москвада туғилган. У 1954 йили Москва архитектура институтини аъло баҳоларга тамомлаган. Омск ва Сталинград шаҳарлари қурилиши бош режасида иштирок этган.

1966 йили Тошкентда даҳшатли зилзила рўй бергандан сўнг Андрей Косинский Ўзбекистоннинг пойтахти - Тошкентга ишга юборилади. У пойтахтда 14 йил яшаб, ижод қилади. Айнан Косинский лойиҳалари бўйича Тошкентда ўша замонга хос бинолар қурилади. Тошкентнинг зилзиладан вайрон бўлган уйлари ўрнига Косинский томонидан тақдим этилган лойиҳалар асосида қурилган кўркам бинолар янги шаҳарнинг кўркига кўрк қўшади. Улар советлар даврида яшаган бир неча авлодга жуда яхши танишдир.


Ташкент, Б.Хмельницкий кўчаси (ҳозирги – Бобур). А.Косинский лойиҳаси (1971-1975 йиллардаги қурилиш)

«Ер шарининг ҳар бир жойи, у ерда қандай бино қурилишига қарор қилинмасин, табиий ландшафтидан келиб чиққан ҳолда ўз муҳандислик ечимига эга. Бошқа чексиз қарорлар мана шу аниқликка бўлган интилишларни англатади», – деб ёзади Косинский ўз мақолаларидан бирида.


Чорсудаги ҳаммом. 2000 йили бузиб ташланган

Косинский ижодини доимо танқид остига олишган, дейди канадалик санъатшунос Борис Чухович Фейсбукдаги ўз саҳифасида. «Косинскийга отилган тошлар кўпроқ “яхши дид” га интилиш ниқобига буркаларди. Архитектура факультетининг машҳур бир домласи “талабаларга унинг дидсиз қурилган уйларини кўрсатишга уялган”идан нолиган. Шунга қарамасдан, москвалик Косинский тошкентлик “олтмишинчилар” орасидан биринчи бўлиб фақат “шарқона нақш ва шакллар”га ўралашиб қолмай, муҳандислик ечимларини топишга бўлган изланишларида вернакуляр архитектурасига мурожаат қилади. У замонавий қурилишларда миллий архитектура қирраларини уйғунлаштиришга ҳаракат қилган».

«Косинский танқидларга баъзида ёшлардек қизиққонлик билан, баъзида муҳандислик тажрибасига тўла улуғвор зот каби майин табассум билан жавоб берарди. У доимо юракдан, саҳоват ва истак ила мулоқотга ошиқарди», – деб хотирлайди Борис Чухович.

2006 йили Андрей Косинский таҳририятимизда меҳмон бўлиб, бутун умри ва фаолиятига доир кенг қамровли интервью берганди. У уч қисмга бўлиниб, нашр этилган:

«Тошкентда яшаган даврим ҳаётимнинг энг ёрқин ва маҳсулли дамлари бўлган» ( I қисм),
«Тошкентдаги экспериментларим тушунмовчилик ва танқидларга учраган» ( II қисм),
«Ҳанузгача “яхши дид” нималагини билмайман» (III қисм).

«Фарғона» таҳририяти марҳумнинг оила аъзолари ва дўстларига чуқур таъзия изҳор қилади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги