22:30 msk, 25 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда суд Сурияда жанг қилган террорчини 15 йилга озодликдан маҳрум қилди

13.03.2018 16:39 msk

Фарғона

Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди.Supcourt.uz сайти фотоси
Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди Ўзбекистон фуқароси Абдубосид Аҳмаджоновга Суриядаги жанговор ҳаракатларда террорчи гуруҳлар томонида иштирок этгани ва Россияда теракт содир этишга қатнашгани учун 15 йил қамоқ жазосини берди. Бу ҳақда РИА Новости  суд вакилига таянган ҳолда хабар беради.

Аҳмаджонов 1996 йили Марғилонда туғилган. У 2012 йили Туркияга ишлагани кетади. Тергов аниқлик киритишича, у «Таухид вал-Жиҳод» радикал гуруҳи вакиллари (уни, шунингдек, «Жамаат Таухид вал-Жиҳод» деб ҳам атайдилар) таъсирига тушиб қолади. 2016 йил Аҳмаджонов Сурияга ўтади ва у ерда жанговор тайёргарлик кўриб, кейинчалик «Таухид вал-Жиҳод» ва «Имарат Кавказ» террорчи ташкилоти сафида жанговор ҳаракатларда иштирок этади. Иккала ташкилот асосан собиқ СССР республикалари фуқароларидан ташкил топган.

«Судланувчи Суриядаги жангариларнинг жиддий талофатидан сўнг Туркияга қайтмоқчи бўлганини айтади. Лекин унинг олдига Россия шаҳарларининг бирида 15 минг доллар мукофот эвазига теракт содир этишда иштирок этиш шарти қўйилади», - дея воқеани тасвирлаб беради Фарғона суди вакили.

Туркияда Аҳмаджонов портлатиш мосламаларини ясашни ўрганади ва Россияга бориб, террорчилик актини содир этувчилар сафига қўшилиши керак бўлади. 2017 йил ўрталарида у Ўзбекистон ва Туркия махсус хизматларининг ҳамкорликда олиб борган операция туфайли қўлга олинади. «Суд жараёнида судланувчи айбига тўлиқ иқрор бўлди ва қилган ишидан афсусланди», — дейди суд вакили.

Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) маълумотларига кўра, «Таухид вал-Жиҳод» гуруҳи 2017 йил апрелда Санкт-Петербург метросида теракт содир этади. Оқибатда 16 бегуноҳ одам ҳалок бўлиб, юзга яқин кишилар жароҳатланади. Гуруҳ асосан этник ўзбек ва тожиклар, шунингдек, Марказий Осиёлик уйғур ва сурияликлардан ташкил топган. 2015 йил баҳоридан «Таухид вал-Жиҳод» жангарилар гуруҳи Суриядаги ҳукумат армиясига қарши жангларда иштирок этади. Гуруҳга қирғизистонлик Сирожиддин Мухторов етакчилик қилади. У Абу Салоҳ исми билан машҳур. Россия Федерал хавфсизлик хизмати Мухторовни халқаро қидирувга берган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги