02:37 msk, 22 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонлик мигрантлар биринчи бор ташкиллаштирилган ҳолда Туркияга жўнатилади

13.03.2018 14:44 msk

Фарғона

Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси Агентлиги ва Тayga group турк компанияси 12 март куни мигрантларни ташкиллаштирилган ҳолда Туркияга юбориш бўйича келишувни имзолади. Бу ҳақда Sputnik хабар беради.

Пирс100.рфсайти фотоси
Тayga group меҳмонхона бизнеси учун хона йиғиштирувчилари, идиш-товоқ ювувчилари, аниматорлар, меҳмонларни кутиб олувчи маъмурлар, официант, бармен, эшик оғаси, ошпазлар, ошхона ишчилари каби ходимларни йиғиш билан шуғулланади. Мигрантларнинг ўртача ойлиги $430 ташкил этади, компания яшаш, овқатланиш, учиб бориш ҳаражатларини ўз бўйнига олади. «Меҳмонхона бизнеси соҳаси мавсумий бўлишига қарамасдан шартнома бир йилга тузилади», — дейди Тayga group вакили Меҳмет Явуз Қалқон.

Мазкур таклифдан фойдаланиб қолмоқчи бўлган Ўзбекистон фуқаролари 14 мартдан 17 мартга қадар Ташқи меҳнат миграцияси Агентлигига мурожаат қилишлари лозим. Улар ўзлари билан бирга паспорт, унинг рангли нусхаси, ҳужжатларга зарур бўладиган суратлар ва ўзининг тўлиқ бўй-басти туширилган суратни олишлари керак.

Туркия меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазирлиги маълумотига кўра, 2017 йили 2465 нафар ўзбекистонлик мигрант меҳнат визасини олган. Вазирлик маълумотларига кўра, Туркияда ишлаётган мигрантлар орасида ўзбекистонликлар сон жиҳатидан саккизинчи ўринни эгаллайди. Марказий Осиё бўйича Ўзбекистондан Қирғизистон (учинчи ўрин) ва Туркманистон (олтинчи ўрин) олдинда.

Лекин Туркияни тарк этган меҳнат муҳожирлари ҳақидаги маълумотга қаралса, кўпчилик Ўзбекистон фуқаролари ушбу мамлакатда ноқонуний меҳнат қилаётганлари маълум бўлади. Меҳнат визаси қимматлиги боис, кўпчилик Туркияга сайёҳлик визаси билан боради. Бундан ташқари, ноқонуний мигрантларнинг деярли барчаси турк тилини билмайди, шунинг учун улар таклиф этилаётган иш шароитини баҳолай олмайдилар, ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилолмайдилар. Оқибатда мигрантлар ҳуқуқи тез-тез поймол бўлади. Шунга қарамасдан Туркияда ишлашга Марказий Осиё мамлакатлари фуқаролари қатори ўзбекистонликларда ҳам қизиқиш катта.

2018 йили Қозоғистонда ўзбек мигрантларини ноқонуний ташиётган автобусда юз берган фожиадан сўнг (52 фуқаро ҳалок бўлган) Ўзбекистон ҳукумати ишчи мигрантлар масаласига алоҳида эътибор бера бошлади. Ўзбекистон ҳукумати Россия ва Қозоғистон билан темир йўл, автобус қатновларини яхшилаш чораларини кўрди, шунингдек, ишчи мигрантлар учун чипта нархини қисман тўлашга вада берилган. Мигрантлар учун махсус банк ва суғурта хизматлари ишлаб чиқилмоқда.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги