03:23 msk, 13 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарларининг «Консультатив учрашуви» 15 мартда Остонада бўлиб ўтади

12.03.2018 14:39 msk

Фарғона

Марказий Осиё мамалакатлари раҳбарларининг учрашуви 15 март куни бўлиб ўтади, дея хабар беради Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг матбуот хизмати. Музокараларда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон етакчилари иштирок этади. “Олдинроқ режалаштирилган олий мартабали учрашув сабаб, Туркманистондан мамалакат Мажлиси раиси А.Т. Нурбердиева иштирок этади” , –дейилади хабарда. Матбуот хизмати баёнотида учрашувнинг Марказий Осиёда кенг нишонланадиган Наврўз байрами арафасида ўтказилаётгани “алоҳида аҳамият” касб этишига урғу берилади.

Остона. Elorda.info сайти фотоси
Қозоғистонлик сиёсатшунос Ерлан Карин бўлажак анжуман саммит эмас, “маслаҳат” учрашуви доирасида ўтишини таъкидлайди. «Шунга қарамасдан тадбир минтақавий ҳамкорликдаги жиддий ўзгаришдан дарак беради, чунки узоқ йиллардан бери Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарлари бошқа майдонлардан (ШҲТ,МДҲ ва ҳ.к) фарқли ўлароқ, ўз ташаббуси билан илк бор учрашмоқдалар” – деб ёзади у.

Қозоғистон ТИВ аккредитациясидан ўтган “Фарғона”нинг махсус мухбири музокараларни ёритиб боради.

Матбуот хизмати бошлиғи Кайрат Абдураҳмонов ўтган йилнинг кузида Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарларини Остонада йиғиш нияти борлигини маълум қилганди. “КазИнформ” халқаро ахборот агентлиги мулозимнинг минтақада “анъанавий дўстлик ва биродарлик” ришталари тобора мустаҳкамланиб бораётганлигига доир сўзларини келтиради.

Ўз навбатида  Азия-плюснинг Тожикистон ҳукуматидаги манбаси бундай учрашувлар “мамлакатлар ўртасидаги алоқаларни яхшилаш ва ҳамкорликда янги дастур, лойиҳаларни ҳаётга тадбиқ этилиши” да асосий роль ўйнашига урғу беради.

Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича вакили Петер Буриан ҳам бўлажак анжуманни ёқлаб чиқади. «Мамлакат раҳбарларининг ўзлари, бошқа шерикларсиз, истиқболли йўналишларни муҳокама қилишларини, тўсиқларни енгиб ўтишда ўзларининг минтақавий стратегиясини ривожлантиришини хоҳлаган бўлардик», – деб таъкидлайди у.

Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон раҳбарлари учун бу биринчи учрашув эмаслигини таъкидлаш жоиз. Улар 2000 - йиллар бошида Марказий Осиё ҳамкорлиги ташкилоти доирасида (ташкилот кейинчалик ЕврАзЭС - Евроосиё Иқтисодий Иттифоқига айланади) фаол музокаралар олиб борганлар. Кейинги йиллар Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг кўшнилар билан яхши муносабатлар ўрнатишга уринишлари туфайли минтақада «музлар кўчаётгани»ни кузатиш мумкин. Остонадаги мазкур учрашувдан сўнг Мирзиёев Қозоғистонда Ўзбекистон йили очилиши маросимида иштирок этади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги