06:48 msk, 22 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда бепул пластик пакетлар бекор қилинади

08.03.2018 13:12 msk

Фарғона

2019 йил 1 январдан Ўзбекистонда бепул пластик пакетлар берилишини тақиқланади, дея хабар беради «Спутник».

4teller.com сайти фотоси
Ҳукумат бу борада Пезидент қарори лойиҳасини тайёрлагани журналистларга маълум бўлди. Ҳужжатга кўра, магазинларда харидорларга пластик пакетларни тақдим қилиш, унга кетган ҳаражатни товарлар нархига киритиш ёки пакетларни таннархидан кам эвазига сотиш тақиқланади. Ишлаб чиқарувчилар касса аппаратлари пакетларни ҳисоблаши учун барча пакетларга код киритиши керак бўлади.

Бундан ташқари, 2019 йилдан қалинлиги 15 микрондан, сиғими 10 литрдан кам бўлган пакетларни ишлаб чиқариш ва импорт қилиш ман этилади. 2020 йилдан талаб янада кучаяди — пакетнинг минимал қалинлиги 50 микрон, сиғими 10 литр бўлиши керак. Ёзуви, логотипи ва ушлайдиган қисми бўлмаган, озиқ-овқатлар упаковкасининг бир қисми саналадиган, 50 донадан кам бўлмаган рулонда сотиладиган бир литр сиғимга эга пакетлар бундан истиснодир.

Пластик пакетлар атроф-муҳит, экологияга катта зарар келтирадиган унсур ҳисобланади. Улар ерда чиримайди ва пакетларни утилизация қилиш мураккаб жараён ҳисобланади. Уларнинг нархи жуда арзонлиги сабаб, савдо расталарида бепул берилади, шунинг учун аҳлат уюмлари шундай пакетларга тўлиб кетган. Улар орасида кўп ишлатилмайдиган, сифатсиз пакетлар катта зарар келтиради.

Пластик пакетларни ишлаб чиқариш ва улардан фойдаланиш илк бор 2002 йили Бангладешда тақиқланган. Бу мамлакатда оқава сувлар дренажлари пакет уюмларига тўлиб кетганидан тез-тез сув тошқинлари содир бўлган. Кейинги йиллар жаҳоннинг кўпгина мамлакатлари ва йирик шаҳарларида пластик пакетлардан фойдаланиш ман этилмоқда. Масалан, 2017 йилдан Кенияда мазкур пакетларни ишлаб чиқарувчилар, сотувчилар ва харид қилувчилар озодликдан маҳрум этилади. Собиқ совет ҳудудида Молдавияда пластик пакетлардан фойдаланиш тақиқланган. 2017 йили Қозоғистонда ҳам уларга қарши қарор тайёрлашга киришилган. Ғарбий Европада солиқ, экология йиғими, шунингдек, ижтимоий роликлар орқали пластик пакетлар ишлатишга қарши кураш олиб борилади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги