22:51 msk, 25 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда спортчиларни олимпиядага тайёрлаш бўйича бешта универсал марказлар ташкил этилади

06.03.2018 12:53 msk

Фарғона

Ўзбекистондаги Универсиада. Vatanparvar.uz сайти фотоси
Ўзбекистонда спортчиларни олимпиядага тайёрлаш бўйича бешта универсал марказлар ташкил этилади. Бу ҳақда президентнинг «Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» фармонида сўз юритилади.

Марказлар турли йўналишда фаолият юритади. Жиззах вилоятидаги “Алоқачи” соғломлаштириш оромгоҳи негизида гимнастика спорт тури бўйича олимпия тайёргарлиги маркази, Наманган вилоятида сержантлар тайёрлаш мактаби негизида спорт ўйинлари бўйича олимпия тайёргарлиги маркази,

Қашқадарё вилоятида “Гулнора” соғломлаштириш оромгоҳи негизида спорт яккакурашлари бўйича олимпия тайёргарлиги маркази ташкил этилади. Самарқанд вилоятидаги универсал марказда, жумладан, халқаро мусобақалар ўтказилиши, Тошкент вилоятидаги “Азия-Чимган” меҳмонхонаси негизида ташкил этиладиган марказда эса миллий терма жамоалар учун универсал олимпия тайёргарлиги ўтказилиши режалаштирилган.

Негизида марказлар яратилаётган барча объектлар Ўзбекистон олимпия қўмитаси тасарруфига ўтказилади.

Фармонда, шунингдек, Тошкент вилоятида жаҳоннинг етакчи ишлаб чиқарувчиларини жалб қилган ҳолда спорт кийими, анжомлари ва жиҳозларини ишлаб чиқарувчи замонавий корхоналар фаолиятини ташкил этиш учун пойтахт минтақасида “Спорт” эркин иқтисодий зонасини ташкил этилиши ҳақида сўз юритилади. Барча ўқув даргоҳларида жисмоний тарбия дарслари сони кўпайтирилади. Болалар боғчаси, мактаб, лицей ва коллежларда бу соҳадаги мураббийлар вилоятларнинг жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси томонидан, Тошкентда эса жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан тайинланади ва ишдан бўшатилади, олий ўқув юртларида эса бу ишлар иш ўринларига ўтказилган конкурс якунига қараб профил вазирлик томонидан амалга оширилади.

Ўтган йил июн ойида Шавкат Мирзиёев “Жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш чоралари” га доир қарорга имзо чекканди. Унда замонавий спорт жихозлари билан таъминланган спорт мажмуаларини ташкил этиш борасида сўз юритилади. Ноябрда президент республикада олиб борилаётган спорт оъектларини қуриш ва таъмирлаш ишларини танқид остига олган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги