06:50 msk, 22 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ҳуқуқ ҳимоячилари Бобомурод Абдуллаев иши бўйича олиб борилган тергов дарз кетганини таькидлайдилар

05.03.2018 18:37 msk

Фарғона

Бобомурод Абдуллаев иши бўйича олиб борган дастлабки тергов ишлари дарз кетган ва бу суд жараёнида ошкор бўлади. Бу ҳақда “Фарғона”га Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи (ЎМҲҲТГ) етакчиси Суръат Икромов маълум қилди.


Бобомурод Абдуллаевнинг адвокати Сергей Майоров (чапда) ва Суръат Икрамов. «Фарғона» фотоси

«Аввали, бу каби ишларда айбланувчи ёки адвокат қийноқ ишлатилгани ҳақида гапирса, судя кўпинча бунга ҳечам эътибор бермасди, - дея таъкидлайди Икрамов. - Бу гал, ўйлайманки, мазкур ҳолатларни судя назардан соқит қилолмайди. Биринчидан, бугунги иш жуда шов-шувли, иккинчидан эса, ислоҳотлар шамоли эсаётгани сезилмоқда. Бунинг натижаси ўлароқ, 159 модда билан айбланувчи олдига илк бор унинг яқинлари: хотини, онаси, фарзандларини киритдилар. Орган ходимлари шундай йўл тутишга мажбур бўлгани сезиляпти. Чунки, мамлакатда янги Бош прокурор, Миллий Хавфсизлик Хизмати (МХХ) янги раиси фаолият юрита бошлади. Адвокат Майоровни узоқ пайт Абдуллаев олдига киритмай, иккинчи март куни эса узр сўрашиб, унинг айбланувчи билан учрашувга таклиф қилишлари ҳам нимадандир дарак беради».

Суд жараёнига ҳуқуқ ҳимоячиларидан бири келтирган плакат. «Фарғона» фотоси

Икромов сўзларига кўра, тажрибада Жиноят кодексининг 159 моддаси (“Ўзбекистон Республикаси конституциявий тизимига тажовуз қилиш”) билан айбланганларга оқлов ҳукми чиқарилмаган. Айниқса, тергов ишлари МХХ терговчилари томонидан олиб борилган бўлса.

“Лекин ҳозир , сезишимча, ҳукумат анча безовта бўлган. Нега прокурор келмади? Айбланувчини ҳам судга келтиришмади. Бу суд бошқа кунга кўчирилиши олдиндан аниқ бўлганини билдирмайдими?” – деган саволни ўртага ташлайди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Amnesty Inernational нинг Европа ва Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Хизер Макгилл (Heather McGill) “Абдуллаевни тергов қилиш жараёнида унга нисбатан қийноқлар қўллагани учун МХХнинг икки зобити ишдан четлатилганини” эслатиб ўтади.

“Воқеанинг бундай ривожланиши назарга олинса, суднинг айрим сабабларга кўра Абдуллаев ишини бошқа кунга кўчиргани одамни ҳайрон қолдирмайди. Ҳозир президент Мирзиёевда Бобомурод Абдуллаевни озод қилиб, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси эканини намойиш қилишга имкон туғилди.Биз бу суд жараёнини катта қизиқиш билан кузатамиз” - деди «Фарғона»га Хизер Макгилл хоним.

Эслатиб ўтамиз, 5 мартга белгиланган Бобомурод Абдуллаев иши бўйича суд жараёни прокурор келмагани боис 7 март, соат 14.00 га кўчирилган. Журналист 2017 йил 27 сентябрда интернетда “Усмон Ҳақназар” таҳаллуси остида “иғво материаллари”ни тарқатганлик, амалдаги ҳокимятни ағдариш учун одамларни ёллаш, шунингдек, “Жатва” инқилобий дастурини ишлаб чиқишда айбланиб, ҳибсга олинган. Тергов пайтида Абдуллаевга нисбатан жисмоний ва психологик қийноқлар қўлланилган. Унга, шунингдек, блогер Ҳаётхон Насриддинов, тадбиркорлар Равшан Салаев ва Шавкат Оллоёровга йигирма йилгача озодликдан маҳрум этишни кўзда тутувчи Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 159-4 моддаси (“Конституциявий тузумга тажовуз қилиш”) билан айб қўйилган.

Сид Янишев

Fergana News Agency