20:55 msk, 18 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Мирзиёев амалдорларга тўй ва туғилган кунларга боришни тақиқлади

05.03.2018 14:11 msk

Фарғона

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев амалдорларга тўй ва туғилган кунларга боришни тақиқлади. Бу ҳақда  Kun.uz  таҳририят ихтиёрида бор аудиоёзувга таянган ҳолда хабар беради. Тахминларга кўра, мазкур ёзув 27 февраль Тошкентда бўлиб ўтган савдо масалаларига бағишланган видеоселектор мажлисидан ёзиб олинган.

Sodrugestvo.info сайти фотоси
Мирзиёев амалдорларнинг “ҳашаматли” яшаётгани, улар иштирокидаги тантаналар коррупцияни келтириб чиқаришини таъқидлаган. “Эртага қарор чиқади. Бош вазирдан бошлаб ҳокимгача, ижро органи раҳбарига тўй-маросимга бориши ман этилади. Чойхоналарнинг ёнида давлат машинаси турганини кўрган куним ишдан олиб ташлайман, жиноий жавобгарликка тортаман”, — дея огоҳлантирган президент. “Бирорта раҳбар уйида туғилган кунини ҳам, тўйини ҳам мендан бошлаб нишонламайди. Бўлди, у замонлар тугади энди, одамларнинг ғашини келтиряпмиз, лаънатини келтиряпмиз”, — қўшимча қилган президент. Шу билан бирга, “эртага” чиқадиган қарор ҳанузгача ОАВ нигоҳига тушмади.

Мирзиёев шунингдек, яқин орада тўй маросимлари барча одамлар учун расман чекланишини таъкидлаган. Янги тартибга кўра, тўйга ташриф буюрадиган одамларнинг сони 150 дан ошмайди. Бундан ташқари, тўй тантанаси бир кундан ошмаслиги керак. “Бўлди энди, обедда соат бирдан иккигача тўй, кечқурун қайси ресторан тўй қилса, ўша ресторанни ёпамиз”, - деган президент.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, буларнинг барчаси одамларни ортиқча сарф- ҳаражаклардан, коррупциядан халос қилади. “Қайси вазир ёки бош вазир ўринбосари шундай тўй қилишга қайдан ойлик олади? Ҳаммаси ўғирлик бу, агар буни тагини суриштирсак, ўғирлик” — деган давлат раҳбари.

Ўзбекистон ҳукумати азалдан тўй ва бошқа маросимларни тартибга солишга ҳаракат қилади. Бу ҳақдаги биринчи қарорни 1988 йили президент Ислом Каримов чиқарганди. Ҳужжат тўй, маърака ва бошқа йиғинларни ўтказишда ортиқча сарф- ҳаражатлар, дабдабага йўл қўймаслик,халқ урф-одамларини менсимасликка қарши йўналтирилганди. Бироқ, қарор бирор натижа бермади ва 2008 йили Каримов яна бир фармонни имзолади. У ҳам ҳеч қандай наф келтирмади. 2012 йили Тошкент ҳокимлиги пойтахт ресторанлари, кафеларда тўй маросимларини тартибга солувчи тартибни жорий қилади. Бу ҳам ҳеч қандай ижобий натижа билан якунланмайди. Айрим маълумотларга кўра, шунга ўхшаш тартиб 2017 йил 1 апрелидан тадбиқ этилган. Лекин тўйлар аввалгидек дабдабали ўтказилаверилади. Ваниҳоят, 2017 йил август ойида Мирзиёев Тошкент вилоятига қилган сафарда амалдорларни тўйларни тартибга солишга чақиради. Президент чиқишидан сўнг маҳаллий мулозимлар одамларни соддароқ тўй маросимларини ўтказишга чорлайди.

Айни пайтда қўшни Тожикистонда 2007 йилдан бери тўй маросимларини тартибга келтирувчи қонун яхши натижалар беряпти. Қонунни бузганлик учун жиддий жарималар кўзда тутилган. 2017 йили маросимларга катта сарф-ҳаражат қилган ўнлаб амалдор ва тадбиркорлар жаримага тортилган. Улардан 2 миллион сомони ($220 тыс.) ундирилган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги