02:52 msk, 13 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Россиияда Ўзбекистон фуқароси 44 тонна носвой олиб киргани учун озодликдан маҳрум этилди

05.03.2018 11:27 msk

Фарғона

Россиянинг Акбулак (Оренбург вилояти) шаҳрида 44 тонна носвой олиб кирмоқчи бўлган Ўзбекистон фуқароси устидан ҳукм чиқарилди. Бу ҳақда минтақавий прокуратура ҳабар беради.

Sb.by сайти фотоси
Исми тилга олинмаган судланувчи бир йир озодликдан маҳрум этилган ва 100 минг рубль миқдорида жаримага тортилган. Бундан ташқари, унга носвой экспертизаси ва уни яксон қилишга кетган ҳаражатлар юклатилган. Мазкур ишлар 250 минг рублга баҳоланмоқда.

Ўзбекистон фуқароси Акбулак район кириш пунктида 2016 йил июлда ушланган. Тергов маълумотларига кўра, у шериклари билан тил бириктириб ҳаракат қилган, бироқ унинг шерикларини аниқлашнинг имкони бўлмаган. Қўлга олинган фуқаро ҳаракати “бир гуруҳ шахслар билан олдиндан тил бириктирган ҳолда истеъмолчилар ҳаёти ва саломатлиги хавфсизлигига жавоб бермайдиган маҳсулотларни тарқатиш мақсадида олиб киришга уриниш” дея баҳоланган.

Носвой — Марказий Осиёда кенг тарқалган чекилмайдиган тамаки аралашмаси ҳисобланади. Россияда 2013 йилдан унинг савдоси тақиқланган, лекин у гиёҳванд модда эмас, ноқонуний тамаки маҳсулоти саналади. 2008 йили носвой Турманистонда, 2015 йили эса Қозоғистонда тақиқланган. Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларида у эркин сотилади ва сигаретдан кўра арзон ҳисобланади. Ўзбекистон ва Тожикистонда айрим амалдорларнинг носвой чекишига гувоҳ бўлиш мумкин.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги