22:51 msk, 24 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тошкентда Гулнора Каримовани ҳибсга олган прокурор ушланди

02.03.2018 15:35 msk

Фарғона

Ўзбекистонда собиқ Тошкент прокурори ўринбосари Мирағлам Мирзаев қўлга олинди. Унга нисбатан жиноий иш қўзғатилган, дея маълум қилади Xabar.uz.


Гульнара Каримова. Фото с сайта Rferl.org

Ўтган йили февралда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев прокуратура фаолиятини танқид қилганидан сўнг Мирзаев вазифасидан озод этилганди. Мирзаев 2014 йили Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримовани ҳибсга олишга қарор қилгани билан кўпчиликка маълум.

«Озодлик»ка кўра, Мирзаевдан ташқари унинг ўғли Абдурашид, жияни Мансур (иккиси - Миллий хавфсизлик хизматининг собиқ ходимлари), ва турмуш ўртоғи- Тошкент шаҳрининг Юнусобод тумани адвокатлар Коллегиясини бошқараётган Муҳаббат Ҳасановалар ушланган.

Абдурашид ва Мансур Мирзаевларни суд Ўзбекистон Ҳарбий прокуратурасининг сўровига кўра ҳибсга олган. Мирағлам Мирзаев ва унинг хотинини ҳибсга олишга ким санкция бергани ҳақида хабар берилмаган. Шунга қарамасдан, манба Мирзаевлар оиласи “Ҳокимятни суиистеъмол қилиш” ва “Пора олиш” моддалари билан айбланаётганини аниқлаган.

«Озодлик»ка кўра, Мирзаев ва унинг оила аъзоларини ҳибсга олиш Ўзбекистоннинг собиқ бош прокурори Рашид Қодировга нисбатан қўзғатилган жиноий иш доирасида амалга оширилган.

Мирзаев ва унинг қариндошлари 23 февраль куни ушланган. Гувоҳларнинг айтишича, улар қора маскадаги одамларнинг Мирзаев уйидан бошига қоп ташланган бир неча кишини олиб чиқаётганлари кўрганлар.

Мирағлам Мирзаев Ўзбекистон кучлар тизимидаги салобатли шахслардан бири саналарди. “Фарғона” манбаларига кўра, собиқ бош прокурор Рашид Қодиров фақат Мирзаев розилиги билангина прокурорларни олий мансабларга тайинлаган. Мирзаевнинг қариндошлари ҳукумат органларида юқори лавозимларни эгаллаганлар: унинг акаси Тошкент вилояти ИИБ молия бошқармасини раҳбари, жиянларидан бири Тошкент туман ички ишлар бошқармасининг бошлиғи бўлган, куёви Ички ишлар вазири ўринбосари лавомини эгаллаган. Мирағлам Мирзаевнинг ўзи собиқ МХХ раҳбари Рустам Иноятовнинг қариндоши бўлган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги