00:20 msk, 14 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон илк бор БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзоси бўлиш ниятини билдирди

02.03.2018 12:27 msk

Фарғона

БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг мажлислар зали. Wikipedia.org сайтидан Ludovic Courtes фотоси
Ўзбекистон илк бор БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо бўлиш ниятини билдирди. Бу ҳақда Ўзбекистон адлия вазири Русланбек Давлетов Инсон ҳуқуқлари кенгашининг Женевада ўтаётган 37-сессиясида билдирди, дея хабар беради Uzdaily.Uz.

Адлия вазирлиги ахборот хизматининг “Газета.uz" нашрига маълум қилишича, бундай қарор мамлакатда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳолатини сифат жиҳатдан яхшилаш, бу соҳада Ўзбекистоннинг халқаро ҳамкорлигини сезиларли фаоллаштириш, шунингдек, республикада амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисидаги халқаро ташкилотларнинг ижобий баҳосини олиш бўйича мақсадли ишлар доирасида қабул қилинди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш — БМТ тизимидаги ҳукуматлараро орган бўлиб, 2006 йилнинг 15 мартида ташкил этилган. Унинг таркибидан 47 давлат ўрин олган бўлиб, БМТ Бош Ассамблеясининг кўпчилик аъзолари томонидан тўғридан-тўғри яширин овоз бериш йўли билан уч йил муддатга сайланади. Бунда номзод давлатларнинг инсон ҳуқуқлари ҳимоясига қўшган улуши, кўнгилли мажбуриятлари ва ваъдалари ҳисобга олинади.

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари атрофида юзага келган аҳвол Шавкат Мирзиёевнинг президент лавозимига сайланганидан сўнг яхши томонга ўзгара бошлади. Хусусан, ўнлаб сиёсий маҳбуслар қамоқдан чиқдилар, Миллий хавфсизлик хизматининг раиси лавозимидан бўшатилди, собиқ бош прокурор ҳибсга олинди. Расмийлар ОАВ фаолиятига ҳамда эркин фикр изҳор этишга оид қатор чекловларни олиб ташладилар, баъзи нотижорат ташкилотлари, хорижий ОАВ вакилларининг мамлакатга киришига рухсат бердилар, мамлакатда жиноий судлов тизими ислоҳот қилина бошланди, президент қийноқларни тақиқловчи фармонини имзолади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги