20:56 msk, 18 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Собиқ сиёсий маҳбус Муҳаммад Бекжон милиция назоратидан ҳам қутилди

02.03.2018 12:25 msk

Фарғона

Мухаммад Бекжан. Ozodlik.org сайти фотоси
Собиқ сиёсий маҳкум Муҳаммад Бекжон ИИБ назоратидан чиқарилди. Эндиликда у АҚШда яшаётган фарзандлари билан учрашиш учун чиқиш визаси олиш, пенсияга чиқиш, прописка муаммосини ҳал қилиш ва тортиб олинган уйини қайтариб олишни режалаштирмоқда, дея хабар беради “Озодлик”.

Бекжонга кўра, у АҚШда қолмоқчи эмас, қайтганидан сўнг маҳрум этилган Тошкентдаги пропискасини тикламоқчи. Ҳозирча у Хоразм вилоятида акасининг уйида вақтинча пропискага қўйилган.

Муҳаммад Бекжон 64 ёшда, бироқ шу вақтгача пенсия олмайди. Пенсияни расмийлаштириш ҳужжатлар йўқолиб кетгани боис имкониятсиз бўлиб қолмоқда. “Ҳужжатларимни топа олишмаяпти. Архивда йўқ дейишди. Битта Авиасозлик заводидан қоғоз келган. Бошқа жойдан топа олишмапти. Ҳатто армияда хизмат қилганимни ҳам топа олишмади ҳарбий комиссариатдагилар. Йўқ дейишаяпти”, дейди собиқ сиёсий маҳбус.

Муҳаммад Бекжон – мухолифатдаги Ўзбекистон Халқ ҳаракати лидери, “Эрк” партиясининг раиси Муҳаммад Солиҳнинг укаси бўлади. “Эрк” газетасининг бош муҳаррири бўлиб ишлаган. 1999 йил 16 февраль куни Тошкентдаги портлашларга алоқадорликда айблов билан 18 йил умрини колонияда ўтказди. Тергов пайтида унга нисбатан шавқатсиз қийноқлар қўллаганлар. 2013 йилда Бекжон халқаро “Чегара билмас репортёрлар” ташкилотининг Эркин матбуот мукофоти билан тақдирланган. Уни ўтган йили 22 февраль куни озодликка чиқардилар.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги