08:26 msk, 20 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Шавкат Мирзиёев Тожикистонга 9 март куни келади

02.03.2018 12:24 msk

Фарғона

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга ташрифи 9-10 март кунлари бўлиб ўтади. Бу ҳақда “Фарғона” агентлигига Ўзбекистон ҳукуматидаги ишончли манба маълум қилди.

Мирзиёевнинг Душанбега бориш нияти ҳақида биз ўтган йили ноябрда Ўзбекистон президенти қошидаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтининг директори Владимир Норовдан билгандик. Кейинроқ президентнинг ўзи Тошкент вилояти депутатлари олдида сўзга чиқа туриб бўлгуси ташриф ҳақида гапирганди.

“Биз кўплаб битимларни имзолаймиз, темир йўл алоқасини очамиз, ягона электр энергияси тизимини қайта тиклаймиз ва бошқа кўпгина масалаларни муҳокама қилиб оламиз”, - деганди у сафар мақсадлари ҳақида анонс қила туриб. Мирзиёевга кўра, Ўзбекистон Тожикистон билан яхши қўшничилик муносабатларини йўлга қўймоқчи, чунки “Қиёмат кунида ёмон қўшнини ҳеч ким кечирмайди”. Бироқ “20 йиллик музни эритиш ҳам осон иш эмас”, - дея қайд этди у.


Имомали Раҳмон ва Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистонидаги саммитда

Мирзиёев президент лавозимини эгаллаши биланоқ Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги конструктив диалогни йўлга қўя бошлади. Собиқ президент Ислом Каримов даврида икки давлат ўртасидаги муносабатлар жуда ҳам ёмонлашиб кетганди. Мирзиёев тожикистонлик ҳамкасби билан илк бор 2017 йил баҳорида Саудия Арабистонидаги саммитда учрашган. Шу йилнинг январида Ўзбекистон ҳукумати раиси Абдулла Арипов бошчилигидаги делегация Душанбега сафар қилди. Делегация ташрифи чоғида, хусусан, ўртадаги чегара участкаларини миналардан тозалаш, олдин ёпиб қўйилган чегара постларини очиш, мавжуд темир йўл линияларини тиклаш масалаларини муҳокама қилиб олдилар. Бундан ташқари, Раҳмон ва Арипов биргаликда савдо юргизиш, транспорт коммуникацияларини соддалаштириш, товарларга тарифларни пасайтириш, ўзаро савдодаги чекловларни олиб ташлаш тўғрисида гаплашиб олдилар.

Тожикистон президенти сув-энергетика ресурсларидан фойдаланиш соҳасида биргаликда иш олиб боришга тайёрлигини билдирди. Ушбу учрашувлардан сўнг Ўзбекистон 2010-2011 йилларда бир томонлама тартибда ёпиб қўйган бир неча чегара постларини очиб қўйди. Ўзбекистон президентининг Душанбега ташрифи чоғида икки давлат фуқароларининг Тожикистон ва Ўзбекистон ҳудудида 30 кунгача визасиз бўлиш тартиби тўғрисида битимининг имзоланиши кутилмоқда.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги