23:56 msk, 13 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда 16 нафар футболчи суперлигадан четлатилди

02.03.2018 12:12 msk

Фарғона

Pixabay.com сайти фотоси
Футболчиларнинг 2018 йил мавсумида Ўзбекистон Суперлигасида иштирок этиш учун иккинчи синов имтиҳонлари ниҳоясига етди. 12 та клуб тақдим этган 292 футболчилардан 16 нафари тестлардан ўта олмадилар ва энди улар мамлакат чемпионатида қатнаша олмайдилар, дея маълум қилади Ўзбекистон Футбол ассоциациясининг расмий сайти.

Тест тизими Ўзбекистон Футбол федерацияси техник бошқармаси илмий-услубий гуруҳи мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган. Махсус синовлар мавсум давомида уч марта ўтказилади, натижалари эса таҳлил қилинади. Тест синовларидан муваффақиятли ўтган футболчилар ўз клублари таркибида Суперлига ва Биринчи лига ўйинларида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритадилар. Тест синовларидан ўта олмаган футболчилар чемпионат баҳсларидан четлатилади.

Суперлига клублари футболчилари 30 метр масофага югуриш, узунликка сакраш, 7х50 метр масофага югуриш, “Yo-Yo” тестини топширмоқдалар.

Қайд этиш жоиз, натижалари қониқарсиз чиққан футболчиларга қайтадан тест-синовлари топширмагунларича лицензиялар берилмайди ва улар вақтинчалик Суперлига баҳсларида иштирок эта олишмайди.

Бу каби тест-синовлари ўзбек футболида илк марта амалга оширилаётган бўлиб, футболчиларнинг жисмоний ҳолати Ўзбекистон Футбол Ассоциацияси 1-вице-президенти Умид Аҳмаджонов томонидан шахсан назорат қилиб борилмоқда.

Декабрь охирида ўтган биринчи тест натижалари жуда ёмон чиққанди. “Олмалиқ”, “Машъал”, “Қўқон 1912”, “Навбаҳор” ва “Цементчи” клубларининг 102 футболчисидан аттиги 19 нафари “Yo-Yo” тест синовида ўта олган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги