23:44 msk, 13 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Собиқ Бош прокурор иши бўйича қўлга олинганларнинг номлари маълум бўлди

02.03.2018 12:10 msk

Фарғона

Улугбек Суннатов. Paralympic.uz сайти фотоси
Ўзбекистонда бир вақтнинг ўзида ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг бир неча юқори мартабали мулозимлари қўлга олинди. Уларнинг ҳаммаси республиканинг собиқ бош прокурори Рашид Қодировнинг иши юзасидан қўлга олинган, дея хабар беради Би-Би-Си.

Қўлга олинган шахслар орасида Бош прокурорнинг собиқ ёрдамчиси, Ўзбекистон миллий паралимпия ассоциацияси раиси Улуғбек Суннатов, Ислом Каримовнинг собиқ давлат маслаҳатчиси Жамшид Файзиев ва Бош прокуратуранинг уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси собиқ бошлиғи Улуғбек Ҳуррамовлар бор.

“Озодлик” маълумотига кўра, Суннатов худди собиқ бошлиғи каби Жиноят кодексининг "Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш" (205-модда) ва "Пора олиш" (210-модда) моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этишда гумон қилинмоқда. Адлия полковниги Улуғбек Суннатов 2014 йилгача Қашқадарë вилоят прокурори бўлиб ишлаб келган. 2014 йилда Ўзбекистон Бош прокурорига ўринбосар қилиб тайинланган ва Қонунчилик ижроси устидан назорат бош бошқармаси раҳбари лавозимида ишлаган эди. 2017 йилнинг 21 ноябрида Улуғбек Суннатов Бош прокурор ўринбосари лавозимидан озод қилиниб, Тошкент вилоят прокурори лавозимига тайинланди. Орадан 45 кун ўтиб Суннатов президент танқидига учради ва “масъулиятсизлиги, вазифасига нисбатан совуққонлиги ва ишда йўл қўйган хато-камчиликлари учун" эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Шунингдек, Улуғбек Суннатов Ўзбекистон Миллий Паралимпия Ассоциацияси раислигидан ҳам озод қилинган.

Қўлга олинганлардан яна бири – Жамшид Файзиев 2013 йилгача Бош прокурор Қодировнинг ўринбосари бўлиб ишлаган. 2013 йилда у Ислом Каримовнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органлари ишини мувофиқлаштириш бўйича маслаҳатчиси этиб тайинланган, бироқ бу лавозимда бор-йўғи тўққиз ой ишлаган ва шундан сўнг Тошкент вилояти прокурори этиб тайинланган (ўтган йили кузда Суннатов айнан унинг ўрнини эгаллаганди). Ўтган йили ёзда Мирзиёев прокуратура ходимларини қоралай туриб, уларни “энг катта ўғрилар” деб атаганда Жамшид Файзиевнинг номини тилга олганди. Давлат раҳбарига кўра, у “ушбу ўғри тизимнинг бир бўлаги эди”.

Улуғбек Ҳуррамов Бош прокуратурада терговчи бўлиб ишлаган ва хусусан, мухолифатдаги “Серқуёш Ўзбекистон” коалицияси етакчиси Санжар Умаровнинг ишини олиб бориб, уни етти йилга қамматирганди. Шундан сўнг у уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш бошқармасига раҳбарлик қилган.

Ўзбекистоннинг собиқ бош прокурори Рашид Қодиров 22 февраль куни ҳибсга олиниб сўроқ қилинган. Назорат органи маълум қилишича, унга қарши Жиноят кодексининг "Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш" (205-модда) ва "Пора олиш" (210-модда) моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этишда айблов қўйилган. Uzmetronom хабар беришича, собиқ бош прокурор қўлга олинишдан олдин мамлакатни тарк этишга уринган, бироқ уни “Тошкент” халқаро аэропортидан чиқаришмаган. Қодиров Ўзбекистон Бош прокуратурасини 2000 йилдан 2015 йилгача бошқарган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги