20:39 msk, 21 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Абдуллаевнинг терговчисига ҳокимият мансабини суиистеъмол қилиш ва айбсиз одамни ҳисбга олишда айблов қўйилди

02.03.2018 12:08 msk

Фарғона

Нодирбек Тўрақулов. Ozodlik.org сайти фотоси
Тошкент ҳарий суди журналист Бобомурод Абдуллаевнинг ишини тергов қилаётган Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг собиқ катта терговчиси Нодирбек Тўрақуловни ҳибсга олди. Тўрақулов “Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш” (205-модда) ҳамда айбсиз одамни жавобгарликка тортишда айбланмоқда. Бу ҳақда суд ажримида айтилмоқда, дея ёзади ушбу ажримнинг нусхасини қўлга киритган Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи (ЎМҲҲТГ). Ажримда кўрсатилишича, Тўрақулов 16 февраль куни ҳибсга олинган. Унинг иши бўйича суд мажлисида олдин Бобомурод Абдуллаевга давлат томонидан тақдим этилган адвокат Шаҳзод Шарипов қатнашган.

Тўрақулов ва яна бир терговчи Александр Веселов журналистни конституциявий тузумга тажовуз қилишда айблаганлар. Уларнинг иккови ҳам Рустам Иноятов истеъфога чиқарилганидан бир ҳафта ўтиб бу ишни олиб боришдан четлатилдилар. Ўшандаёқ Ўзбекистон Бош прокуратураси терговчилари Абдуллаевнинг ноқонуний қўлга олиниши, унга нисбатан қийноқлар қўллаш ва ишни сохталаштириш ҳолатлари бўйича текширув бошладилар.

Суд ажрими. Сурат Икрамовнинг Фейсбукдаги саҳифадан олинган сурат

44 ёшли журналист Ўзбекистон МХХ ходимлари томонидан 2017 йил 27 сентябрь куни қўлга олинган ва тергов изоляторига ташланган. Унинг иши бўйича суд ёпиқ тартибда ўтган. Онаси билан январда бўлиб ўтган учрашувда у қийноққа солинаётганини айтиб берган.

Бухорода туғилган подполковник Нодир Тўрақуловнинг номи бошқа шов-шувли ишларда ҳам янграган. Сурхондарё вилояти МХХ ходими бўлган чоғида айнан у Раҳмонали Эрданов ва унинг оиласини ҳибсга олишда фаол иштирок этган. Тўрақулов уларни Тожикистон фойдасига қўпорувчилик ва айғоқчиликда айбланган. Подполковник ташаббуси билан амалга оширилган “тергов ҳаракатлари” чоғида маҳбуслар анъанавий тарзда айбни бўйнига олишар, ўз ихтиёрлари билан адвокатлар ва қариндошлари билан учрашувдан воз кечишарди.

Норасмий маълумотларга кўра, Нодир Тўрақулов Давлат солиқ қўмитаси раиси Ботир Парпиевнинг қизига уйланган, ДСҚ раисини эса МХХнинг собиқ раиси Рустам Иноятов билан қудачилик алоқаси боғлаб туради.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги