08:24 msk, 20 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Журналист Бобомурод Абдуллаевнинг иши судга оширилди

02.03.2018 12:05 msk

Фарғона

Бобомурод Абдуллаев. Фейсбукдаги шахсий саҳифадан олинган фотосурат
Журналист Бобомурод Абдуллаевга қарши қўзғтилган иш кўриб чиқиш учун жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судига оширилди. Суд мажлиси куни ҳозирча тайинланмаган, дея маълум қилади Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи (ЎМҲҲТГ).

ЎМҲҲТГ раиси Сурат Икрамовга кўра, Бобомурод Абдуллаевдан ташқари судда блогер Ҳаётхон Насриддинов, тадбиркорлар Равшан Салаев ва Шавкат Оллаёровларнинг иши ҳам кўрилади. Улар ҳам, Абдуллаев каби, Жиноят кодексининг 159-моддасида (Конституциявий тажовуз) айбланишмоқда.

Бобомурод Абдуллаев Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан шу йилнинг 27 сентябрида ўғирлаб кетилган. У кейинги 10 йилдан кўпроқ вақт мобайнида “Усмон Ҳақназаров” тахаллуси остида Каримов режимини кескин танқид қилувчи мақолаларни интернетда тарқатишда, Ўзбекистоннинг амалдаги раҳбариятини ағдаришга тайёр одамларни ёллашда, иниқилоб кўтариш ва Ўзбекистондаги конституциявий тузумни зўрлик билан ағдариш бўйича “Жатва” дастурини ишлаб чиқаришда гумонланмоқда.

2017 йил декабрда бўлиб ўтган адвокат билан учрашувда Абдуллаев айбига қисман иқрор бўлганини маълум қилган. Унга кўра, у “Усмон Ҳақназаров” тахаллуси остида мухолифат лидери Муҳаммад Солиҳнинг сайти учун мақолалар ёзганини тан олган. Мақолаларнинг бирида айтилишича, “Ислом Каримов режимини фақат ҳарбий куч ёрдамида ағдариш мумкин”. Журналистга кўра, у Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари билан дўстона муносабатда бўлган тадбиркорлар Равшанбек Салаев ва Шавкатжон Оллоёровдан тез-тез манба сифатида фойдаланган. Тадбиркорлар 2017 йил 29 сентябрь куни қўлга олинган. Абдуллаев ўзининг сўнгги мақолаларида янги прездиент Шавкат Мирзиёевнинг ислоҳотларини қўллашини билдириб келган. Онаси билан январда бўлиб ўтган учрашувда у ўзининг қийноққа солинаётганини айтиб берган. Унга кўра, МХХ терговчилари унга агар у қўйилган айбловлар бўйича иқрорлик кўрсатмалари бермаса, тергов изоляторидан ўлиги чиқишини айтишган. Шундан кейин кўп ўтмай унинг ишини текшираётган терговчилар гуруҳи ишдан четлатилган, гуруҳнинг барча аъзоларига нисбатан яшаш жойини тарк этмаслик бўйича эҳтиёт чораси қўлланган, Абдуллаевга нисбатан жиноят иши тўхтатилган, уни ноқонуний ушланиши ва унга нисбатан шавқатсиз қийноқлар қўлланиши ҳамда жиноий ишнинг сохталаштирилиши бўйича текширув бошланган.

Хаётхан Насреддинов – блогер, журналист, ҳуқуқ ҳимоячи, педагог. Иқтисод фанлари доктори, турли ташкилотларда молиячи ва иқтисодчи бўлиб ишлаган. “Озодлик” радиоси, “Фарғона” АА билан ҳамкорлик қилган. Уни 20 октябрь куни ҳибсга олдилар. Уни Бобомурод Абдуллаев билан юзма-юз учраштирдилар. Унда журналист Муҳаммад Солиҳдан пул олиб келиб, Ҳаётга унинг ўғли тўйига моддий ёрдам сифатида берганини тан олган. Насриддиновни адвокатдан воз кечишга мажбур қилдилар ва яқинларига журналистлар билан учрашишни тақиқладилар. 2018 йил январида уни Сахаров номидаги “Жасорат учун” ордени билан мукофотладилар.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги