16:58 msk, 24 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбек молиявий пирамидасининг асосчиси Аҳмадбой 13 йилга қамалди

22.02.2018 17:46 msk

Фарғона

Аҳмад Турсунов “Узбекистан 24” телеканалидан кадр
Чинозли Аҳмадбой номи билан танилган Аҳмад Турсунбаев суд ҳукми билан Жиноят кодексининг бир неча моддалари бўйича айбдор деб топилди ва умумий ҳисобда 13 йилга озодликдан маҳрум этиш, 1 йил давомида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум этиш жазоси билан жазоланди, шунингдек, унга 52 миллион сўм ($6341) жарима солинди, дея хабар беради Daryo.Uz.

Аҳмадбойга нисбатан амнистия тўғрисидаги қарор қўлланилиб, озодликдан маҳрум этиш жазоси ўталмаган муддати тўртдан бир қисмига қисқартирилди. Жазо умумий тартибдаги колонияда ўталади. Жазони ўташ муддати 2016 йил 16 июндан бошланган, деб эълон қилинди. Ҳукм 21 февраль куни чиқарилди.

Аҳмад Турсунбаев бир неча йил олдин бир нечта ширкатлар тузиб одамларнинг пулини ёки қимматбаҳо буюмларини олиб, бир йилда 100% устамаси билан қайтариб беришни ваъда қилиб келган. Шу билан бирга омонатчиларга ҳеч қандай кафолат берилмас эди. Уларга фақат агар Аҳмадбой жиноий таъқибга дуч келиб, ҳибсга олинса ёки бошқа турдаги форс-мажор шароити юзага келадиган бўлса, омонатчилар Турсунбойнинг қариндошларидан товон ундиришга ҳақли бўлмайди, деб ёзилган тилхат бериларди. У яратган пирамида беш йилга яқин ишлади, унга ўн минглаб одамлар аралашдилар.

Аҳмадбой Турсунбоев 2016 йил июлда ҳибсга олинган, ўшанда унинг уйида 40 млрд сўм ва 2 млн доллар пул мусодара қилинганди.

Олдинроқ Аҳмадбой ҳаракатларидан жабрланганларга 105 та енгил автомашина қайтариб берилгани ҳақида хабар берилганди.

Турсунбаев ва унинг олти шериги ЖКнинг 177-моддаси 3-қисми “а” ва “б” банди (валюта қимматликларини ноқонуний йўл билан олиш ёки сотиш), 188-моддаси (давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб, жуда катта миқдорда назоратсиз даромад кўриш), 189-моддаси (Савдо қилиш ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш), 190-моддаси 2-қисми “а” ва “в” (Лицензиясиз фаолият билан шуғулланиш) бандларида кўзда тутилган жиноятларни содир этишда айблов қўйилган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги