19:04 msk, 13 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Мирзиёев Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган товарларнинг импорти ўсаётганидан норози бўлди

22.02.2018 16:00 msk

Фарғона

Шавкат Мирзиёев 21 февраль куни ўтган йиғилишда. Президент матбуот хизмати фотоси
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг ўзида ишлаб чиқарилаётган товарларнинг импорт ҳажми ўсиб бораётгани борасида норозилигини билдирди. Йиғилишда бир қатор хўжалик бирлашмалари томонидан ўз фаолиятига мос бўлмаган ёки мамлакатимизда ишлаб чиқариш ўзлаштирилган товарларни импорт қилиш ҳолатлари камайиш ўрнига кўпаяётгани қайд этилди. 2017 йилда 185 миллион долларлик, жорий йил январь ойида эса 65 миллион долларлик шундай маҳсулотлар импорт қилинган.Импорт ҳажмини $1,081 млрд га қисқартириш бўйича режа 88%га бажарилди, холос, дея билдирди Мирзиёев 21 февраль куни Маҳаллийлаштириш дастури ва импортни қисқартириш режасининг таҳлилига бағишланган йиғилишда.

Президентга кўра, ўтган йили “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси томонидан 9 миллион долларлик светодиод чироқлар, прожекторлар ва бошқа товарлар, “Ўзбекнефтегаз” тизимига 2 миллион долларлик пўлат қувур, кабель, иситиш қозони, электродлар, “Ўзбекэнерго” томонидан 800 минг долларга пўлат сим ва енгил автомобиль олиб келинган.

2017 йилда 948 та маҳаллийлаштириш лойиҳасидан 176 таси бўйича ишлаб чиқариш бошланмагани, 218 таси бўйича эса ишлаб чиқариш прогнози бажарилмагани кўрсатиб ўтилди.

Масалан, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг 77 та лойиҳаси бўйича 206 миллиард сўмлик ($25 млн) маҳсулот ишлаб чиқарилмаган. “Ўзбекозиқовқатхолдинг”да 12 та, “Ўзавтосаноат”да 17 та, Тошкент шаҳрида 65 та, Тошкент вилоятида 65 та лойиҳа етарли даражада бажарилмаган.

Ўзбекистон раҳбарининг куюниб айтишича, “бир қатор соҳа раҳбарлари маҳаллийлаштиришни ўйламаяпти, зарур маҳсулотни осонгина четдан олиб келиб қўяяпти. Бунга ҳозирги рақобат шароитида машаққат билан топилаётган, иқтисодиётнинг асоси бўлган валюта маблағлари сарф бўлиб кетмоқда”.

Президент маълумотларига кўра, 2017 йилда маҳаллийлаштириш дастури доирасида Ўзбекистонда 9.9 трлн сўмлик ($1,2 млрд) маҳсулот ишлаб чиқарилди, 512 миллион долларлик ёки 2016 йилга нисбатан 20 фоиз кўп маҳаллийлаштирилган маҳсулот экспорт қилинган, 100 турдаги янги маҳсулот ишлаб чиқариш ўзлаштирилган, базавий тармоқларда импорт 353 миллион долларга қисқартирилган.

Мирзиёевнинг қайд этишича, божхона тўловлари асоссиз тайинлангани натижасида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган баъзи товарлар нархи импорт қилинганига нисбатан юқори бўлмоқда. Масалан, тўқимачилик саноати учун импорт қилинадиган тайёр ускуналар барча божхона тўловларидан озод этилган. Аммо, шу ускунани ишлаб чиқариш учун бутловчи қисм импорт қилинадиган бўлса, 20 фоизлик қўшилган қиймат солиғи тўланади.

Мирзиёев маҳаллийлаштириш дастури иштирокчилари учун солиқ имтиёзлари ҳақида гапира туриб, қатор нопок корхоналар ушбу дастурдан солиқ тўлашдан қочиш учун фойдаланганига урғу берди. Шу муносабат билан 2018 йил 1 апрелдан бошлаб маҳаллийлаштириш дастури бўйича солиқ имтиёзлари бекор қилинади. “Маҳаллийлаштириш дастурига иқтисодиёт учун ҳақиқатда зарур бўлган лойиҳалар киритилиб, қатъий назоратга олинади”, - дея ваъда қилди президент.

У Иқтисодиёт ва Ташқи савдо вазирликларига пишиқ-пухта ишланган, янги Маҳаллийлаштириш дастурини шаклланитириш, маҳаллий корхоналарни қўллаб-қувватлаш мақсадида айрим товарлар бўйича божхона тўловлари ставкаларини оптималлаштириш ҳамда рақобатбардош нархда маҳаллийлаштириш имкони бўлмаган айрим бутловчи қисмларни импорт қилишда божхона тўловларини бекор қилиш юзасидан аниқ таклифлар киритиш бўйича топшириқ берди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги