19:02 msk, 13 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонлик мигрантларни олиб кетаётган автобусдаги ёнғиннинг сабаблари айтилди

21.02.2018 15:30 msk

Фарғона

Фото с сайта Nur.Kz
Қозоғистон ҳудудида 52 нафар Ўзбекистон фуқароларининг ҳалок бўлишига олиб келган автобусдаги ёнғиннинг сабаби – ҳайдовчиларнинг таъмирлаш пайтидаги эҳтиётсизлиги бўлган. Бу ҳақда 19 февраль куни “Казинформ” хабар берди.

Қозоғистон ички ишлар вазири Калмуханбет Касимов тергов натижалари ҳақида сўзлар берди. Унга кўра, меҳнат муҳожирларини олиб кетаётган автобус Чимкент-Самара трассасида бузилиб тўхтаб қолган. Ҳайдовчилар бу ҳақда шошилинч хизматларни хабардор қилмаган ҳамда йўловчиларнинг хавфсизлик чораларини кўришмаган. Бунинг ўрнига улар салонни кавшарлаш лампаси ёрдамида иситмоқчи бўлдилар. Ҳайдовчилар автобусда бензин тўкилганини ҳисобга олишмаган. Бу эса ёнғин келиб чиқишига олиб келган.

Ҳайдовчилар – Қозоғистон фуқаролари Максат Пернебеков, Барат Танатов ва Нуржан Киргизбаев ҳозир ҳибсда сақланмоқда. Уларга транспорт воситалари эксплуатацияси қоидаларини бузишда ҳамда икки киши ва ундан кўп одамларнинг ҳалок бўлишига олиб келган транспорт воситасини сифатсиз таъмирлашда айблов қўйилган.

Автобусда ёнғин 18 январь куни содир бўлган. Оловдан фақат уч нафар ҳайдовчи ва икки йўловчи омон қолишган. Тирик қолган йўловчиларга кўра, муҳожирлар автобуснинг иккинчи қаватига жойлашган, биринчи қаватда эса юк жойлаштирилган. Бундан ташқари, салон бирданига аччиқ тутунга тўлган. Одамлар гангиб қолиб чиқиш йўлини топа олмай қолишган. Ваниҳоят эшик очилганида салонга кислород кириб бир зумда аланга ловиллаб кетган.

Маълум бўлишича, Қозоғистон фуқароси бўлган автобуснинг эгаси йўловчи ташиш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўлмаган. 1989 йилда ишлаб чиқарилган автобус сўнги бор техник кўрикдан 2015 йилда ўтган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги