20:41 msk, 21 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Мирзиёев Ахборот технологиялари ва коммуникациялари вазирлигини танқид қилиб, идора раҳбарини алмаштирди

21.02.2018 09:33 msk

Фарғона

Шерзод Шерматов. Uznews.uz сайти фотоси
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 19 февраль куни ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасидаги камчиликларни таъкидловчи фармонини имзолади, ўша куниёқ профил идорасида кадрлар алмашуви амалга оширилди. Шерматов Шерзод Хотамович бошқа ишга ўтиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири вазифасини бажарувчиси лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнига Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат кўмитаси раиси лавозимида ишлаб келган Ахмедхаджаев Азим Исраилович вазир лавозимига тасдиқланди, дея хабар беради республика ҳукумати сайти.

Шунингдек, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири ўринбосари Миродил Сангилов ҳам ишдан бўшатилди. У “Хавфсиз шаҳар” комплексини яратиш лойиҳасининг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли амалга оширилишига масъул эди. Ушбу лойиҳа – шаҳарда содир бўлаётган барча ҳодисаларни қайд этувчи видеокамералар тармоғини яратишни кўзда тутади. Тизимни синов тартибида 2019 йилнинг охиригача ишга солиш режалаштирилаётганди.

Шерзод Хотамович Шерматов Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожлантириш вазирининг ўринбосари лавозимига тайинланди. Холмуродов Сухроб Рустамович Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси - Инвестициялар, инновацион ривожлантириш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш, туризм масалалари комплекси раҳбари лавозимига тасдиқланди, шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Инвестициялар, инновацион ривожлантириш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш, туризм масалалари комплекси раҳбари лавозимидан озод этилди.

Президент “Ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида соҳанинг жадал ривожланишига, сифатли ахборот хизматларини кўрсатишга тўсқинлик қилаётган қатор тизимли муаммо ва камчиликларни кўрсатиб ўтди. Хусусан, Мирзиёев етарлича ривожланмаган телекоммуникация инфратузилмаси, мамлакатнинг олис аҳоли пунктлари телекоммуникация тармоқлари билан таъминланмасдан қолмоқда, мобил алоқа ва Интернет тармоғининг сифати аҳоли эҳтиёжларини қондирмаётганини қайд этиб ўтди.

Азим Ахмедхаджаев. Nuz.uz сайти фотоси

Президент ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасида кадрларни тайёрлаш тизимини танқид қилди, электрон тижоратда интеграциялашган савдо ва маркетинг платформалари, интернет-дўконлар, тўлов тизимларини, шунингдек, логистика тизимларини жорий этишга етарлича эътибор қаратилмаётгани, бу иқтисодиёт ва тадбиркорлик ривожланиши, чет эл инвестицияларини жалб қилиниши тўхтатиб турилишининг сабабларидан бири бўлиб қолаётганини кўрсатиб ўтди.

Мирзиёев олдин ҳам ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасидаги аҳволдан норозилигини билдириб келган, хусусан, мутасаддилардан интернет хизмати нархини сезиларли даражада пасайтириш ва уланиш тезлигини кам деганда тўрт баробарга оширишни талаб қилганди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги