14:40 msk, 18 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда экстремистлар рўйхатидан 18 мингдан зиёд одамнинг номи ўчирилди

20.02.2018 18:46 msk

Фарғона

Пўлат Бобожонов. Telegraf.uz сайти фотоси
Ўзбекистонда 2017 йилда 18 минг киши диний-экстремистик ташкилотларда иштироки учун пушаймон бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов маълум қилди, дея ёзади “Интерфакс”.

У ҳар бир фуқаро бўйича қарор чиқариш учун махсус комиссия шуғулланаётганини қайд этиб ўтди. “Диний экстремистик оқимга жалб қилинган ҳар бир инсоннинг ҳужжатларини уламолар, МФЙ, қариндошлари ва қўшниларининг фикрини инобатга олинган ҳолда ўрганилмоқда”, - деди вазир.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йилда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мусулмонларнинг “қора рўйхатларини” қайта кўриб, ундан давлатга хавф солмайдиган одамларни чиқариб ташлаш бўйича топшириқ берганди. Мисол учун, август ойида ушбу рўйхатдан олдинроқ ноқонуний диний ташкилот тузишда айбланган журналист Хайрулла Ҳамидов чиқариб юборилди.

Шунақа рўйхатларни қайта кўриш билан таркибига биттадан ИИВ, МХХ, Бош прокуратура, ҳокимият, маҳалла, масжид ва бошқа органлар вакиллари кирган махсус гуруҳлар шуғулландилар. Махсус гуруҳлар аъзолари ҳар куни рўйхатдаги мусулмонларнинг уйларига бориб, уларнинг яшаш шароитларини кўрадилар, уларнинг келгуси режаларини сўрайдилар ва керакли ёрдам кўрсатишга ваъда қиладилар.

“Қора рўйхат”га киритилганлар учта тоифага бўлинган: биринчисига – пушаймон бўлганлар, иккинчисига – иккиланаётганлар ва учинчисига радикаллар. Махсус гуруҳ вакиллари ўзларининг экстремистик ғояларидан воз кечмаганларни Ўзбекистон фуқаролигидан маҳрум этиш ва қамаб қўйишга ваъда қилмоқдалар.

Президент 2018 йилнинг бошида жиноят ва маъмурий ҳуқуқбузарлик кодексида қатор ўзгартиришларни кўзда тутувчи 2022 йилгача давлат дастурини тасдиқлади. Мисол учун, унда экстремистик ғоялар таъсирига тушиб қолган фуқароларни ижтимоий реабилитация чоралари баён қилинган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги