06:48 msk, 22 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Мирзиёев Бухоро вилояти МХХ раҳбариятига узоқ муддатли қамоқни ваъда қилди

20.02.2018 18:43 msk

Фарғона

Шавкат Мирзиёев в ходе визита в Бухару. Фото пресс-службы президента Узбекистана
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 16 февраль куни Бухоро вилоятининг Пешку туманида ўтказилган вилоят фаоллари билан учрашувда ҳам Миллий хавфсизлик хизматини танқид остига олган, дея хабар беради “Kun.Uz” нашри “Озодлик” радиосига ишорат билан.

“Бухородан менда жуда кўп манба бор. Тадбиркорларни айбсиз қамагани, қандай қийнагани, расмлари ҳам бор менда. Ўша ишни қилган терговчиларнинг ҳаммасининг фамилияси бор. Худо хоҳласа, соғ-саломат юрсак, вақт келади, телевизорда кўрасизлар. Уларни ҳам худди шу куйга солдираман. Нима учун, адолат бўлиши керак. Йигирма йил бўлса, йигирма йилга қамалади”, — деди президент.

Бухоро вилоятида МХХга берилган чексиз ваколатни танқид қилган президент, тизим фаолиятини ўтган асрнинг 30-йилларидаги қатағонга қиёс қилди: “Буларга ҳеч ким бундай ваколат бермаган, лекин ўзлари олди. Агар адолат керак бўлса, мана шу адолатни, албатта, қонун устивор бўладими, жазо муқаррар бўладими, тартиб бундан ҳам қаттиқ бўлади, лекин адолатли бўлади. Битта погон кийган ноинсофларга бирорта давлатда ундай ваколат берилмайди. 37-йил ҳам бундай бўлмаган. Шунинг учун ҳамма нарса жой-жойига тушади, мен ҳозир айтмоқчи эмасман, уларнинг кўпи қонун олдида жавоб беришни бошлади. Булбулдай сайрайди, булбулчадек. Ҳали кирган йўқ улар, кўп фуқароларни киргизган жойига”, - деди президент.

Ўзининг нутқида давлат раҳбари МХХнинг тўртта раҳбарини тилга олиб, “уларга ҳозир бешинчиси ҳам қўшилганини” айтиб ўтди. Бироқ Мирзиёев бирорта фамилияни айтгани йўқ. Ўтирганлардан қўпол сўзлар учун кечирим сўраб, у эсга олинган погонли одамларни “ҳатто столбани ҳам қамаб юбориши мумкин” бўлган “қутурган итларга” менгзади.

Эслатиб ўтамиз, Мирзиёев 19 январь куни Сурхондарё вилоятида ҳам МХХ га қарата кескин танқид билдирган, 30 январь куни эса МХХ раиси Рустам Иносятовни лавозимидан четлаштирганди. Собиқ раис Олий Мажлис Сенатига аъзо бўлиб, дахлсизлик мақомига эга бўлди, бироқ унинг собиқ ўринбосари Шуҳрат Ғуломов умбрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги