23:16 msk, 10 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой автомобил йўлининг очилиш санаси эълон қилинди

20.02.2018 18:42 msk

Фарғона

Тошкент – Қашғар йўли бўйлаб синов автопойгаси. Uzbekistan.de сайти фотоси

Янги “ Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой” транспорт йўлаги орқали юк ортилган биринчи автомобиль колоннаси 25 февраль куни йўлга чиқади, дея ёзади “Gazeta.uz” Ўзбекистон ташқи савдо вазирлигига таянган ҳолда.

2018 йил охиригача Тошкент, Андижон Ўш, Иркештом, Қашғар шаҳарларини боғловчи йўл орқали 100 минг тонна юк (дастлабки уч ой ичида 27 минг тонна) олиб ўтиш режалаштирилмоқда. Компаниялар бу йўлдан тўқимачилик, чарм-пойафзал ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини, электртехника буюмларини олиб ўтадилар.

Синов автопойгаси ушбу йўналиш бўйича 30 октябрдан 3 ноябргача бўлиб ўтди. Ўзбекистон, Қирғизистон ва Хитой юк машиналари 920 километр масофани 31 соатда босиб ўтдилар, бундан 16 соати йўлдаги ҳаракатга тўғри келди. Автоколонна ўртача соатига 50-60 километр тезликда юрди. Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидан (“Дўстлик” пости) ўтишга 1,5 соатга яқин вақт кетди, Қирғизистон-Хитой чегарасидан ўтиш (Иркештом) икки соатга яқин вақт олди. Бу йўл Ўзбекистондан Фарғона водийси орқали Хитойга олиб борадиган энг яқин йўл саналади.

Ташқи савдо вазирининг ўринбосари Соҳиб Саифназаров қайд этишича, янги йўналиш бўйича юк етказиш бор-йўғи икки кун вақт олади, ҳолбуки олдинги йўлдан юриш учун 8-10 кун вақт кетарди. “Зарурат туғилганда тезкор юкни бир кунда етказса бўлади”, дея қўшиб қўйди у.

Юк ташиш билан Silk Road International компанияси шуғулланади. Биринчи босқичда юк ташиш учун 80 та автомобиль ажратилади, кейин уларнинг сони 200 тага етади.

Юк жўнатувчилар ва қабул қилувчилар учун Андижон вилоятида “Ахтачи” станцияси базасида мультиомдал транспорт-логистика маркази ишга туширилади. Бу юкларни Ахтачигача темир йўл орқали етказиш ва бу ердан автотранспортга юклаб Хитойга жўнатиш мумкин бўлади.

Мазкур автойўл орқали халқаро автомобил алоқаси ўрнатиш тўғрисидаги битим Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил майда Хитойга ташрифи чоғида имзоланган. Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги участкада юк ташишни бошлаш тўғрисида Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаевнинг 5-6 октябрь кунлари Тошкентга сафари давомида келишилган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги