20:42 msk, 21 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Марғилон расмийлари кам таъминланган оилалар билан ижара ҳақи масаласини ҳал қилишни ваъда қилдилар

20.02.2018 18:40 msk

Фарғона

Марғилон шаҳар Иқтисодиёт коллежининг собиқ биносида истиқомат қилаётган кам таъминланган оилалардан ҳеч ким ижара ҳақини тўлашга мажбурланмаган. Бу ҳақда “Kun.Uz” нашрига Марғилон шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари маълум қилди. Унга кўра, Марғилон шаҳар ҳокимлиги бу муаммони қал қилади.


Kun.uz сайти фотоси

Олдинроқ хабар қилинганидек, 2017 йил 26 декабрда Марғилон шаҳрида оиласида ногиронлари бор 20 та оила ва кам таъминланган 68 та оилага собиқ иқтисодиёт коллежи биносидан хонадонларнинг калитлари топширилган. Шу муносабат билан бўлиб ўтган тантанада уларга бу хонадонлар президент Шавкат Мирзиёевнинг совғаси деб эълон қилишганди. Бирмунча муддат ўтиб Марғилон шаҳар ҳокимлиги янги хонадон эгаларидан бир неча юз минг сўмдан ижара ҳақи тўлашларини талаб қилиб, акс ҳолда кўчага ҳайдаб чиқарилишлари мумкинлиги борасида огоҳлантиришган.

“ЎзА” мухбирлари аниқлашича, аслида хонадонлар совга қилинмаган, балки ижарага берилган экан.


Kun.uz сайти фотоси

Шу билан бирга, 8 январь куни Фарғона вилояти ҳокимлиги сайтида кам таъминланган оилаларга хонадонлар топширилгани тўғрисидаги чоп этилган мақолада хонадонлар ижарага берилаётгани ҳақида бирор сўз айтилмаганди. Унда айтилишича, “2018 йил арафасида Гуриаввал маҳалласидаги янги кўп қаватли уйдаги 87 та хонадон кам таъминланган ҳамда оиласида ногиронлари бор оилаларга берилган. Янги хонадон эгалари турар жой муаммоси ҳал бўлганидан хурсанд. Хонадонлар – ёруғ ва шинам улар замонавий маиший техника билан жиҳозланган. Хонадон калитлари билан янги уй эгаларига Марғилон шаҳар ҳокимлигидан қимматбаҳо совғалар топширилди”.

Гап собиқ иқтисодиёт коллежи ҳақида кетаётганига “ЎзА”нинг Марғилон шаҳридан 142 кам таминланган оила шу каби уй-жой билан таъминлангани ҳақидаги хабари кўрсатмоқда, яъни 87 та оила жойлаштиришган уй битта бўлган. Хонадонлар уларга дастлабки тўлови бюджетдан қопланиб узоқ муддатли имтиёзли кредит асосида берилган.

“Kun.Uz” хабарига кўра, тўрт қаватли бино ногиронларга берилишидан олдин, тўла таъмирланган ва хоналарда яшаш учун барча шароитлар яратилган. Киришдаги фойе, коридор, зинапоялар рисоладагидек. Ҳар бир оила турадиган икки хонали турар жойида санузел, ошхона тўла жиҳозлангани ҳам бор гап. Бир қарашда тураржойда барча қулайликлар яратилган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги