20:56 msk, 18 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонлик журналист Бобомурод Абдуллаевнинг иши прокурорга оширилди

20.02.2018 18:39 msk

Фарғона

Бобомурод Абдуллаев
Ўзбекистонлик журналист Бобомурод Абдуллаевга нисбатан қўзғатилган жиноят иши материаллари Тошкент шаҳар прокурорига топширилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилар ташаббус гуруҳининг (ЎМҲҲТГ) раиси Сурат Икрамов адвокат Сергей Майоровга таяниб маълум қилди.

ЎМҲҲТГ маълумотига кўра, Майоров 12 февраль куни Абдуллаевга ҳуқуқий ёрдам бериш бўйича келишув шартномасини имзолаган. Шундан сўнг у Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) раиси Ихтиёр Абдуллаевга, МХХ тергов бошқармаси ва Тошкент шаҳар прокурорига ариза ёзиб, Бобомурод Абдуллаевга нисбатан руҳий ва жисмоний босим ўтказилганини, натижада у қийноқлар остида қилмаган жиноятларига иқрор бўлганини маълум қилди. Адвокат тергов қайси босқичга етиб келганини маълум қилишни, унинг ҳимоясидаги шахснинг ҳибсда сақланиш муддатини текширишни, Б.Абдуллаев билан учрашишга рухсат беришни ҳамда унга қамоқда сақлашдан бошқа ҳар қандай эҳтиёт чорасини қўллашни сўради.

Адвокат Сергей Майоровнинг аризаси. Сурат Икрамовнинг Фейсбукдаги саҳифасидан олинган фото

Олдинроқ Абдуллаев ишини олиб бораётган катта терговчи Нодирбек Тўрақулов бошлиқ тергов гуруҳининг ишдан четлатилгани тўғрисида хабар берилганди. Уларнинг ҳаммасидан шаҳарни тарк этмаслик тўғрисида тилхат олинган. Жиноят иши тўхтатилди, Абдуллаевни ноқонуний қўлга олиш, унга нисбатан шавқатсиз қийноқларни қўллаш, жиноят ишини сохталаштириш бўйича текширувлар бошланди. Текширувни Ўзбекистон Бош прокуратураси терговчилар гуруҳи олиб бормоқда.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги