14:42 msk, 18 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Мирзиёев тожикистонлик тадбиркорларга $100 млн кредит беради

17.02.2018 11:38 msk

Фарғона

Шавкат Мирзиёев. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотоси
Тошкент тожикистонлик тадбиркорларни қўллаш учун $100 млн кредит ажратади. Тегишли келишув Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга давлат ташрифи давомида имзоланади, дея хабар беради «Азия-Плюс» ҳукуматдаги манбага таянган ҳолда.

“Ўзбекистон томони шартига кўра, пуллар арзимаган фоизлар эвазига Ўзбекистоннинг давлатга қарашли ва хусусий корхоналари билан аниқ бизнес режаси бор бўлган тожикистонлик тадбиркорларга берилади”, - дея қайд этди нашр суҳбатдоши.

Мирзиёевнинг Тожикистонга давлат ташрифи мартнинг биринчи саналарида бўлиб ўтади. Ўзбекистон президенти ташриф чоғида “кўплаб битимлар” имзоланади деб ваъда қилган. Хусусан, Тошкент ва Душанбе икки давлат чегараси демаркацияси ва делимитацияси масаласига нуқта қўйишни ният қилишган. Январь ойида ҳукуматлараро комиссия ушбу масала бўйича дастлабки келишувга эришди. Томонлар, хусусан, Фарҳод ГЭС жойлашган ҳудуд Тожикистон ҳудуди, гидроэнергетик объект эса Ўзбекистон мулки дея тан олинишини белгилаб олдилар. Объектни Тожикистон қўриқлайди, унга техник кўрсатиш ишларини Ўзбекистон бажаради.

Мирзиёевнинг Душанбега сафари олдидан Ўзбекистон Тожикистонга олиб борувчи темир йўлни қайта тиклади. Амузанг-Ғалаба перегонидаги ҳаракат 2011 йил ноябрда тўхтатиб қўйилганди. Ўзбекистон ўшанда ўз томонидаги темир йўлни ейилиб ишдан чиққан деган баҳона билан демонтаж қилган эди. Тез кунлар ичида ушбу йўл участкасида поездлар қатнови бошланиши кутилмоқда.

Тожикистон транспорт вазири Худоёр Худоёрзодага кўра, тез орада икки мамлакат ўртасида автобус ҳаракати бошланади. Ушбу битимларнинг ҳаммаси кутилаётган ташриф чоғида имзоланиши режалаштирилмоқда.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги