17:01 msk, 24 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда мартдан бошлаб нотариал ставкалар сезиларли равишда пасайтирилади

17.02.2018 11:37 msk

Фарғона

Ўзбекистонда 2018 йил 1 мартдан бошлаб нотариал ҳаракатлар учун ундириладиган давлат божи миқдорлари ўзгарди. Давлат божи миқдорларини ҳисоблаш тизими янада соддалаштирилиб, аҳоли учун бир қанча енгилликлар яратилди. Бу ақда Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» Telegram-каналида хабар берилган.


Фейсбукдаги «Адлия билан мулоқот/Диалог с юстицией» саҳифасидан олинган фотосурат

Жумладан, автомашинани бошқариш ёки сотиш ҳуқуқи билан ишончномаларни яқин қариндошларга берганлик учун энг кам ойлик иш ҳақининг 0,5 баробари, бегона шахсларга берганлик учун эса энг кам ойлик иш ҳақининг 3 баробари миқдорида давлат божи ундирилиши белгиланди. Бунда давлат божи миқдори 1,7 баробарга арзонлашди.

Автомашиналарни олди-сотди, ҳадя ва айирбошлаш шартномаларини тасдиқлаганлик учун давлат божи автомашинанинг чет элда ёки мамлакатимизда ишлаб чиқарилганлигидан қатъий назар, бир хил белгиланди ва унинг миқдори ўртача 2−5 маротабага арзонлашди.

Уй-жойларни олди-сотди, ҳадя ва айирбошлаш шартномаларини тасдиқлаганлик учун давлат божи улар жойлашган аҳоли ҳудудига қараб белгиланди. Бунда, вилоятларнинг чекка туман ва шаҳарларидаги уй-жойлар учун давлат божи 2 баробар арзонлашди.

Алимент тўлаш тўғрисидаги келишувлар, гаров, ипотека, лизинг, кафиллик, текин фойдаланиш ва қарз шартномаларини тасдиқлаганлик учун давлат божи аниқ ва тушунарли миқдорларда белгиланди.

Адлия вазирлиги прогнозларига кўра, ушбу ўзгаришлар аҳолига енгиллик яратиш билан бирга, нотариал идоралар ходимлари томонидан бож тўловларини ортиқча ҳисоблаш ва ундириш ҳамда бошқа коррупция ҳолатларининг олдини олишга қаратилган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги