20:25 msk, 12 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиларидан бири миллий терма жамоага бош мураббий этиб тайинланди

17.02.2018 11:33 msk

Фарғона

Тимур Кападзе. Vesti.kz сайти фотоси
Тимур Кападзе футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоасига бош мураббий вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. У ўйинчиларни Сенегал ва Марокаш терма жамоаларига қарши ўртоқлик учрашувига тайёрлайди, дея хабар беради Ўзбекистон Футбол ассоциациясининг (ЎФА) расмий сайти. Тез кунлар ичида Тимур Кападзе Ассоциацияга миллий терма жамоанинг кенгайтирилган рўйхатини тақдим этади.

Шунингдек, чет эллик мураббий билан оғзаки келишувга эришилгани ҳақида хабар берилган. Шартнома имзоланиши билан бу мутахассиснинг номи ҳам эълон қилинади. Sports.uz маълумотига кўра, гап Эрон миллий терма жамоасига мураббийлик қилган португалиялик Карлуш Кейруш ҳақида кетмоқда.

Олдинроқ Ўзбекистон терма жамоасига Равшан Ҳайдаров бош мураббий этиб тайинланди деб хабар қилинганди.

Тимур Кападзе – Ўзбекистоннинг энг машҳур футболчиларидан бири саналади. У “Нефтчи” ва “Пахтакор”, “Бунёдкор” ва “Локомотив” таркибида кўп маротаба чемпион бўлган. “Ақтўбе” таркибида Қозоғистон чемпиони бўлган. Ўзбекистон терма жамоаси таркибида 119 марта майдонга чиққан ва рақиблар дарвозасига 10 та тўп киритган. Ўтган йили ўйинчи сифатида футболни тарк этиб, Тошкентнинг “Локомотив” таркибида мураббийлик қила бошлаган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги