19:06 msk, 13 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Молиявий пирамида асосчиси Аҳмадбой ўзбекистонликлардан кечирим сўради

17.02.2018 11:24 msk

Фарғона

Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судида 16 февраль куни молиявий пирамида асосчиси Аҳмад Турсунбоевнинг иши бўйича суд мажлиси бўлиб ўтди, унда айбланувчи сўнгги сўз билан чиқди, дея хабар беради “Народное слово”.


Аҳмад Турсунбаев. «Народное слово» фотоси

Ахмадбай Чиназский номи билан танилган Аҳмадбой суд мажлисида фуқароларни алдамаганини, лекин шунга қарамай, халқдан ва президентдан кечирим сўрашини билдирди. ”Мен фуқароларни алдамаганман. Одамлар ўз хоҳишлари билан пулларни олиб келган”, деди у.

“Мен деҳқончилик, қассобчилик ва чорва билан шуғулланганман. Шу пайтгача фуқароларни алдамаганман. Мени мақсадим фуқаролар билан ишлаш бўлган, алдаш бўлмаган. Лекин ишимдан пушаймонман. Мен Президентимиздан, халқимдан, судья ва прокурордан кечирим сўрайман!” – дея қўшиб қўйди айбланувчи.

Аҳмад Турсунбоев бир неча йил олдин бир нечта ширкатлар тузиб одамларнинг пулини ёки қимматбаҳо буюмларини олиб, бир йилда 100% устамаси билан қайтариб беришни ваъда қилиб келган эди. Шу билан бирга у омонатчиларга ҳеч қандай кафолат бермаган, уларга фақат жиноий таъқибга дуч келиб, ҳибсга олинса ёки бошқа турдаги форс-мажор шароити юзага келадиган бўлса, омонатчилар Турсунбойнинг қариндошларидан товон ундиришга ҳақи бўлмайди, деб ёзилган тилхат берган. У яратган пирамида беш йилга яқин ишлади, унга ўн минглаб одамлар аралашдилар.

Аҳмадбой Турсунбоев 2016 йил июлда ҳибсга олинган, ўшанда унинг уйида 40 млрд сўм ва 2 млн доллар пул мусодара қилинганди.


Ахмадбойнинг ҳибсга олиниши билан ундан 2 млн доллар ва 40 млрд сўм мусодара қилинди. «Озодлик» фотоси

Олдинроқ Аҳмадбой ҳаракатларидан жабрланганларга 105 та енгил автомашина қайтариб берилгани ҳақида хабар берилганди.

Турсунбоев ва унинг олти шериги ЖКнинг 177-моддаси 3-қисми “а” ва “б” банди (валюта қимматликларини ноқонуний йўл билан олиш ёки сотиш), 188-моддаси (давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб, жуда катта миқдорда назоратсиз даромад кўриш), 189-моддаси (Савдо қилиш ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш), 190-моддаси 2-қисми “а” ва “в” (Лицензиясиз фаолият билан шуғулланиш) бандларида кўзда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда. Ушбу жиноий иш бўйича суд ҳукми келаси ҳафтада эълон қилиниши кутилмоқда.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги