23:52 msk, 10 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон фуқароси Москва вилоятидаги ёнғинда аёлни қутқаргани учун медал билан мукофотланади

16.02.2018 14:50 msk

Фарғона

Ўзбекистон фуқароси Нуриддин Қирғизов Москва вилояти Пушкино райони Софрино қишлоғида содир бўлган ёнғин чоғида кекса аёлни қутқариб қолди. Бу ҳақда Пушкино шаҳри маъмуриятига таяниб Ўзбекистон ТИВ хабар беради.


Нуриддин Қирғизовга жароҳат етказган ёнғин оқибатлари. “Пушкино ТВ” телекомпаниясидан кадр
Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси маълумотига кўра, ҳодиса 2018 йил 31 январь куни содир бўлган. Самарқанд вилоятида туғилган 41 ёшли Нуриддин Қирғизов ёнғин чоғида олов ичида қолган уйни кўриб Россия фуқароси бўлган кекса аёлга ёрдам бериш учун ўт ичига кирди ва натижада ўзи жароҳатланди.

Маҳаллий “Пушкино ТВ” телеканалида 12 февраль куни ўзбекистонлик меҳнат муҳожирининг жасоратига бағишланган сюжет намойиш этилди. Унда айтилишича, Қирғизов Пушкино шаҳридаги В.Н. Розанов номли район касалхонасида ётибди, унинг аҳволи барқарор оғир. Танасидаги куйиб кетган терини қайта тиклаш учун дори воситалари ва жарроҳлик операциялари учун катта миқдорда харажатлар зарур. Жабрланганнинг қариндошлари интернетда ёрдам пули тўплашни ташкил этдилар.

Пушкино шаҳар маъмурияти Қирғизовни медаль билан мукофотлашга тавсия қилган.

Москва вилояти телеканали маълумотига кўра, Ўзбекистон расмийлари Нуриддинни ватанига олиб келиш учун ФВВ самолётини Россияга жўнатмоқчи.

Ўзбекистонликлар бегона юртларда бундан олдин ҳам жасоратлар кўрсатиб келишган. Мисол учун, 2012 йилда Челябинск вилоятида Ҳаким Очилов тўрт кишини ёнғиндан қутқарган бўлиб, расмийлар унга мақтов ёрлиғи ва ошхона комбайни совға қилдилар. Ўшанда қаҳрамонга у Россия фуқароси эмас деган баҳона билан медаль беришмади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги