20:42 msk, 21 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

AIBA президенти Ғафур Раҳимовнинг адвокати мижозининг яхши ниятлари ҳақида сўзлаб берди

15.02.2018 21:22 msk

Фарғона

Ғафур Раҳимов. Ocasia.org сайти фотоси
Ҳаваскорлар бокси халқаро ассоциаацияси (AIBA) президенти вазифасини вақтинча бажарувчи ўзбекистонлик тадбиркор Ғофур Раҳимовнинг адвокати Юрий Кузнецовга кўра, боксни Олимпия дастуридан чиқариб юборилиш таҳликаси унинг мижози айби билан юзага келмаган, балки ҳаваскорлар боксидаги барча муаммолар ассоциациянинг собиқ раҳбари Чинг-Куо Ву даврида пайдо бўлган.

“Фарғона” таҳририятига йўллаган мактубда Кузнецов хусусан, Чинг-Куо Ву AIBA Ижроя қўмитаси томонидан мансаб ваколатларини суистеъмол қилишда айбланганини билдирмоқда. Раҳимов эса аксинча, ассоциацияга нисбатан йўқолган ишончни тиклаш ҳаракатида юрибди ҳамда мерос бўлиб қолган муаммоларни ижобий ҳал қилмоқчи.

Кузнецов эслатишича, Раҳимов Озарбайжоннинг Benkons компаниясидан олинган $10 млн заём муаммосини ҳал қилишда олға силжишлар бошланганини эълон қилди. Юрист бу заёмни “аста ҳаракатланувчи бомба” деб атади ҳамда айнан Раҳимовнинг саъй-ҳаракатлари билан ушбу бомба “зарарсизлантирилганини” билдирди. AIBAнинг муваққат президенти барча соҳаларда, шу жумладан, ҳакамлик ва допинга қарши курашда “энг юқори олимпия стандартларига тўлиқ риоя қилинишини таъминлаш учун барча зарур чораларни кўрмоқчи” дейилади мактубда.

Кузнецов, шунингдек 27 январда навбатдан ташқари AIBA конгрессида Раҳимовнинг Ассоциацияга вақтинча президент номзодини юздан ортиқ федерациялар қўллаганини эслатди. Ташкилот ижроия қўмитасининг барча аъзолари Раҳимов AIBA низомига мос ҳолда тайинланганини тасдиқладилар.

Шунингдек, Кузнецов Раҳимовнинг номи АҚШ Федерал ғазначиликнинг санкция рўйхатига киритилгани атрофидаги вазиятни шарҳлаб берди. Адвокатнинг айтишича, Раҳимов ҳеч қачон судланмаган ва суд қарори бўйича ҳеч қайси бир мамлакатда қандайдир жинояти учун айбдор деб тан олинмаган. Мижозининг бу рўйхатга киритилишини эса Ўзбекистондаги сиёсий таъқиблар ҳамда Раҳимовга ва унинг яқинларига нисбатан сиёсий мотивларга кўра сохталаштирилган жиноий ишлар сабабидан бўлганини билдирди. Айни пайтда бу масала юзасидан шикоят аризаси берилган, деди адвокат.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги