06:47 msk, 22 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ватанга ҳиёнатда айбланган олим ишни қайта кўриб чиқишларини сўрамоқда

15.02.2018 17:55 msk

Фарғона

Андрей Кубатин. Фейсбукдаги шахсий саҳифадан олинган сурат
Ўзбекистонда ватанга ҳиёнатда айбланиб қамалган ёш шарқшунос олим, доцент Андрей Кубатин хотини орқали инсон ҳуқуқлари бўйича вакилга (омбудсменга) мурожаат қилиб, унга нисбатан қўзғатилган ишни қайта кўриб чиқишга фаол ёрдам беришини сўради.

Андрей Кубатин – туркшунос, кўплаб илмий рисолалар ва монографиялар муаллифи. 2017 йилда Республика ҳарбий суди уни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 157-1 моддасига (Давлатга ҳиёнат) билан 11 йилга озодликдан маҳрум этди.

Омбудсменга ариза маҳкумнинг рафиқаси Феруза Жуманиязованинг Фейсбукдаги саҳифасида чоп этилган. Унда Кубатин ишнинг моҳиятини очиб, суд ҳакамларининг нохолисликларидан мисол келтирмоқда. У шунингдек, тергов давомида Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан жисмоний ва руҳий босимга дуч келгани ҳақида билдирмоқда.

Айблов хулосасига кўра, Кубатин 1000 доллар пул эвазига ўша пайтдаги Туркия Ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш бўйича агентлиги раҳбари Сулаймон Қизилтопраққа Ўзбекистон Марказий давлат архивидан ҳамда Фанлар академиясининг Шарқшунослик институтидан электрон китобларни бериб юборган. Терговга кўра, бу китоблардан гўё пантуркизмни тарғибот қилиш, миллатлараро ва диний адоват қўзғатиш, ҳамда Ўзбекистоннинг геологик бойликлари тўғрисида маълумотлар олишда фойдаланиш мумкин. МХХга шикоят аризасини олим ва дипломат ўртасидаги музокараларда иштирок этган Туркия Ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш бўйича агентлиги ходими Музаффар Жониев йўллаган.

Кубатиннинг таъкидлашича, процесс давомида бир қатор қонунбузарликларга йўл қўйилган. Мисол учун, олим берилган материалларнинг қадри ва қийматини белгиловчи экспертизанинг хулосасини нохолис деб ҳисоблайди. Буни илмий асарларнинг сиёсий моҳиятини белгилаш билан Шарқ тарихи мавзусидан бехабар бўлган Х.Сулайманов номидаги Суд-медицина экспертизаси институтининг ходими шуғуллангани исботламоқда.

Суд шунингдек, берилган электрон китоблар архивга оид эмас, улар интернетда очиқ бор бўлиб, китоблар олимга қарашли кутубхонанинг бир қисмини ташкил этишини эътиборга олмаган. Суд Қизилтопрақнинг турк махсус хизматларига алоқадорлиги борасида далиллар йўқлигини ҳамда Кубатинга пуллар файллардан нусха олиш учун берилгани ҳолатини ҳам эътиборга олмади.

Натижада У.Шокиров раислигидаги суд Андрей Кубатинни 11 йилга озодликдан маҳрум этишга ҳукм чиқарди. Айни пайтда Тошкент шарқшунослик институтининг доценти Зангиота туманидаги Тоштурмада ўтирибди.

Феруза Жуманиёзова жамоатчиликдан, адолатсиз суд ҳукми тўғрисидаги маълумот МХХнинг янги раиси Ихтиёр Абдуллаевга етиб боришига ёрдам беришни сўрамоқда. Ижтимоий тармоқларда ўзбекистонлик олимлар томонидан Андрей Кубатинни қўллашга қаратилган акциялар бошланган. Хусусан, Анвар Назирнинг Фейсбукдаги саҳифасида Ўзбекистоннинг қатор олимлари, шу жумладан, академиклар Эдвард Ртвеладзе ва Аҳмадали Асқаров МХХнинг олдинги раиси Рустаи Иноятовга мурожаат қилиб, Кубатиннинг ишини қайта кўриб чиқишни илтимос қилганлари кўрсатиб ўтилган, бироқ жавоб олишолмаган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги