20:36 msk, 21 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Марғилон расмийлари президент совға қилган уй эгаларидан ижара ҳақи талаб қилдилар

15.02.2018 17:54 msk

Фарғона

Марғилондаги иқтисодий коллеж биноси. Фото с сайта Miqtisodiyot.uz
Фарғона вилояти Марғлон шаҳар ҳокимлиги Ўзбекистон президенти совға қилган турар жой эгаларидан 300 минг сўмдан ($36,6) учун ижара ҳақи талаб қилди. Бу ҳақда “Озодлик” радиосига президент совғаси сифатида берилган хоналарнинг эгалари маълум қилдилар.

Уларга кўра, 2017 йил 26 декабрь куни ногирон аъзолари бор 20 та оила ва 68 та кам таъминланган оилаларга собиқ Марғилон иқтисодиёт коллежи биносидаги хоналарнинг калитлари президент совғаси деб берилди. Шу муносабат билан бўлиб ўтган тантанали маросимда Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев ва Тошкентдан келган мулозима аёл иштирок этди.

Ўша куни биринчи қаватдаги барча хоналарга гиламлар тўшалган, пардалар осилган, катта телевизорлар ва диванлар қўйилган эди. “То биз кўчиб келгунимизча, ҳалиги нарсалар йўқ бўлган. Телевизор, гиламни олиб чиқиб кетишган. Президент томонидан сизларга бепул берилди, деган нарсалар йўқ бўлган. Пардалар бор эди, пардаларни олиб чиқиб кетишган. Хоналарни қуп-қуруқ қилиб қўйишган. Видеога олгунча, вақтинча қўйиб турган экан. Шу ярим соат, бир соатда олиб чиқиб кетишган. Сўрасак, прокатга олиб турганмиз дейишди”,- дейди Озодлик суҳбатдоши Саидакбар Комилов.

“Бизни “президент совғаси” деб бу ерга олиб келишди. Келсак, на свети бор, на гази бор, ҳеч нимаси йўқ уйни бериб, энди биз свет учун счётчик олдик, ҳамма кам-кўстини тўғрилагандан кейин кечаги куни келиб, ҳокимиятдан 300 мингдан ижара ҳақи сўради”, -дейди Ойдиной Собирова.

Унинг айтишича, бу ердаги одамлар ҳозир ниҳоятда қийналган. Бир-биридан нон олиб еяпти. “Агар бирорта одам ҳам овқат қилмаса, оч қоламиз. Қайси бири овқат қилса, келинглар дейди. Ўшани кириб ичаяпмиз. Кечки пайт келинглар, битта квартирада ҳаммамиз бола-чақамиз билан ўтирган бўламиз. Нимага десангиз, ўша ерда овқат қилинган бўлади”.

Мутасаддиларнинг ижара ҳақи талаб қилиши ва акс ҳолда кўчага ҳайдаш билан таҳдид қилишлари қўшни аёллардан бирига жуда малол келди. У 12 февраль куни ўз жонига суиқасд қилишга қарор қилди. “Агар 3 ойлик пулни тўламасанг, уйни олиб қўяман, деди. Ишламайман, фарзандим йўқ, боқувчим йўқ, ҳалигини гаплари менга оғир ботди. Яна кўчада қоламанми, дедимда ўзимни осиб қўйдим”, - дейди Дилором Маъмирова.

Дилоромнинг қўшниси Ойдиной Собировага кўра, участковой келиб, “Раҳмат сизларга, унақа-бунақа” деди. Марғилон шаҳар Ички ишлар бўлимидан олинган маълумотга кўра, Дилором Маъмирова билан боғлиқ воқеа бўйича жиноят аломатлари йўқлиги боис ҳеч қандай иш очилмаган. Ҳокимиятдагилар Озодлик телефон қилаётганини билиб телефон гўшагини ташлаб қўйган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги