16:24 msk, 20 Май 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонлик блогер ижтимоий тармоқлардаги танқидий постлари учун олти йилга қамалди

09.02.2018 23:13 msk

Фарғона

Акром Маликов. Фото Малоҳат Эшанқулованинг Фейсбукдаги саҳифасидан олинган
Ижтимоий тармоқлар ва мухолифатдаги “Ўзбекистон Халқ ҳаракати” сайтида танқидий постлар ва мақолалар чоп этиб келган Фанлар академияси Қўлёзмалар институтининнг 28 ёшли ходими Акром Маликов олти йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда тошкентлик журналист ва ҳуқуқ ҳимоячи Малоҳот Эшонқулова Фейсбукдаги ўз саҳифасида маълум қилди.

Унга кўра, Акром Маликов Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 159-моддаси 3-қисми “А”, “Б” бандлари, 244 “2” – моддаси 1-қисми ҳамда 244 “1” моддаси, 3- қисми “А”, “Б” бандлари билан айбдор деб топилган. Унга январда ҳукм чиқардилар, 6 февраль куни эса Эшонқулова Фейсбукда президент Шавкат Мирзиёевга мурожаатини чоп этиб, ёш олимни озод қилинишига кўмак беришни сўраган.

“Фарғона” олдин хабар берганидек, Маликов Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан 2016 йил 22 июль куни Ислом Каримовнинг ўлишига ҳеч қанча вақт қолмаган пайтда қўлга олинган. Унинг қўлга олинишига интернетда Абдуллоҳ Нусрат тахаллуси остида чоп этилган танқидий мақолалар сабаб бўлган: тергов бу Акром Маликовнинг тахаллуси эди деб ҳисобламоқда. Маҳбуснинг ота-онасига агар шовқин кўтармасангизлар, уни тезда озод қилишлари мумкин деб ваъда қилишган.

Эшонқулова 2017 йил сентябрь охирида МХХ уни журналист Бобомурод Абдуллаев билан юзлаштиргани тўғрисидаги хабар чиққанидан сўнг Маликовнинг тақдири билан қизиқа бошлади. “Унга Жиноят кодексининг жуда оғир моддалари бўйича айблов қўйишган ва энди биз индамай тура олмаймиз”, - деди Маликовнинг қариндошларидан бири.

Эшонқулова “Озодлик” радиосига Маликовнинг уйини қидириб топганини айтиб берди. “Ота-онасига адвокати ҳеч кимга хабар берманглар, деганига сукут сақлаб ўтиришган экан. Мени ҳам онаси аранг қабул қилди уйига”, - дейди журналист. Шунда Эшонқуловага Маликов озодликдан маҳрум этилгани маълум бўлди, у ҳатто Тошкент вилояти суди чиқарган ҳукмни ҳам кўрди. Ҳукмга кўра, Маликов "асосан, мухолифатчи Муҳаммад Солиҳга алоқадорликда айбланиб" қамалган.

Маликовнинг онаси маълум қилишича, у ёллаган адвокатлар иш материалларига яқинлаштирилмаган, Маликовни судда давлат томонидан тақдим этилган адвокат ҳимоя қилган.

“Адвокат ва терговчилар Акром Маликовнинг ота-онасига матбуотга, айниқса, хориж матбуотига хабар қилманглар, деб қаттиқ тайинлаган экан. Онаси ҳам: “Бу ҳақда хабар берманглар, уни қамоқда қийнашлари мумкин! Прокурор 12 йил сўраган бўлса-да, биз жим бўлганимиз учун унга 6 йил беришди”, деди менга. Лекин, мен ҳуқуқ фаоли сифатида кўп йиллик тажрибамдан биламанки, бундай ваъдаларнинг ҳаммаси сароб – сукут сақлаш бу ёшгина умрни қутқармайди. Ҳозир, Акром Навоийдаги қамоқхонада оҳак қоплаётган экан”, – дейди Малоҳат Эшонқулова.

Эслатиб ўтамиз, 8 февраль куни “Муҳаммад Солиҳ билан алоқадорликда ҳамда интернетда “Иғвогарона нохолис материаллар” тарқатишда гумонланаётган Бобомурод Абдуллаевнинг ишини олиб бораётган терговчилар ишдан четлатилгани маълум бўлди. Олдинроқ, 2018 йил январда Шавкат Мирзиёев МХХ фаолиятини кескин танқид қилган ва тез орада махсус ҳизматлар раҳбари Рустам Иноятов лавозимидан четлаштирилган эди.

nk style="text-decoration: none;"> “Фарғона” халқаро ахборот агентлиги