01:27 msk, 21 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда “ички” туристларга саёҳатнинг бир қисмини қоплашади ва солиқларни пасайтиришади

09.02.2018 08:27 msk

Фарғона

Ўз давлати ҳудудида саёҳат қилаётган Ўзбекистон фуқароларига саёҳатга тўланадиган харажатларининг бир қисмини қоплашга ёрдам беришади. Бу ҳақда ЎзА агентлиги 7 февралда чоп этган президент Шавкат Мирзиёевнинг “Ички туризмни жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорида сўз юритилади.

Унда “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” ички туризмни ривожлантириш дастурининг асосий қоидалари тақдим этилган бўлиб, унинг иштирокчиларига саёҳатга кетадиган харажатларни қисман қоплаш кўзда тутилади. Дастур доирасида Ўзбекистон Республикаси фуқароларига туристик-экскурсия турлари учун тўловлар билан боғлиқ харажатлар: таълим муассасалари ўқувчилари учун – ўз маблағлари ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи; ташкилотлар ходимлари учун – ўз маблағлари, иш берувчи маблағлари (бюджет ташкилотлари учун – ташкилотларнинг бюджетдан ташқари маблағлари) ва жамоавий шартномаларга мувофиқ бошқа маблағлар; етим болалар, кам таъминланган оилалар фарзандлари, ногиронлиги бўлган шахслар учун уларнинг умумий сонидан камида 20 фоизи қамраб олиниши таъминланган ҳолда – хайрия маблағлари, шунингдек, ҳар йили Ўзбекистон бюджети маблағлари; пенсионерлар ҳамда уруш ва меҳнат фахрийлари учун – ўз маблағлари, «Нуроний» жамғармасининг маблағлари ва хайрия маблағлари; фаол хотин-қизлар учун – ўз маблағлари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси маблағлари, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди маблағлари ва хайрия маблағлари; маҳалла фаоллари ва ёш оилалар учун – ўз маблағлари, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди маблағлари ҳисобидан тенглик асосида қопланади.


Саёҳатчилар Ўзбекистон бозорида. Uza.uz сайти фотоси

Давлат органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари жамоавий шартномаларга рағбатлантириш чораси сифатида бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобига ўз ходимларининг камида 10 фоизини оила аъзолари билан биргаликда ҳар йили дам олишга (ички туризмга) юборишни назарда тутадиган ходимларнинг жамоавий ва оилавий дам олишини ташкил қилиш нормасини киритиш; ходимларга меҳнат қонунчилигига мувофиқ улар учун қулай бўлган вақтда саёҳат қилиш ва дам олиш учун таътилнинг фойдаланилмай қолган қисми ҳисобидан дам олиш кунлари (отгул) бериш; Дастур тадбирларини амалга ошириш доирасида ҳар йили 30 декабргача давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимлари учун туристик-саёҳат турларини ташкил қилиш жадвалларини тасдиқлаш тавсия этилади.

“Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” дастурида шунингдек, унда иштирок этувчи ташкилотлар ва ходимлар учун солиқ имтиёзлари белгилаб берилган. Мисол учун, 10 февралдан бошлаб уч йил давомида иш берувчининг туризм соҳасида фаолият кўрсатиш бўйича лицензияга эга бўлган субъектлардан ходимлар ва уларнинг оила аъзолари учун республика бўйлаб туристик йўлланмаларни сотиб олиш харажатлари ходимнинг даромади сифатида кўриб чиқилмайди ҳамда юридик шахсдан олинадиган фойда солиғини ҳисоблаб чиқишда чегириб қолинади. Жисмоний шахсларнинг солиққа тортиладиган даромадлари Ўзбекистон бўйлаб туристик йўлланмаларни сотиб олишга йўналтирилган харажатлар суммасига камайтирилади. Бунинг учун туристик йўлланма (айирбошланадиган ваучер), авиа ва темир йўл чипталари, автотранспорт ташкилотларининг ҳисоб-фактуралари (чипталари) ва жойлаштириш воситалари чеклари тасдиқловчи ҳужжатларни сақлаб қўйиш керак бўлади. Шунингдек, туризм соҳасида фаолият кўрсатадиган субъектларнинг солиқ солинадиган базаси Ўзбекистон туризм бренди ва “Uzbekistan.travel” сайти рекламаси бўлган босма маҳсулотларни (хариталар, рисолалар, буклетлар, флайерлар ва бошқалар), сувенир ва қадоқлаш маҳсулотларини (сумкалар, пакетлар, мактаб дафтарлари, ёрлиқлар, ғилофлар, кийим-кечаклардаги ва ошхона анжомларидаги ёзувлар) тайёрлаш ва чоп этишга йўналтириладиган харажатлар суммасига камайтирилади.

Давлат туризм қўмитаси томонидан ўрнатиладиган ташқи реклама президент қарори билан ижтимоий рекламага тенглаштирилди. Яқин икки йил ичида ҳар бир вилоятда улар учун юзтадан кам бўлмаган реклама баннерлари ва экранлари тақдим этилади.

nk style="text-decoration: none;"> “Фарғона” халқаро ахборот агентлиги