16:30 msk, 20 Май 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Россия ўзбек мева-сабзавотларини импорти ҳажми бўйича Қозоғистонга етиб олишга қарор қилди

08.02.2018 23:16 msk

Фарғона

Россия яқин келажакда Ўзбекистондан мева-сабзавот маҳсулотлари импорти ҳажмини икки-уч баробарига кўпайтирмоқчи. Бунақа ҳолатда у бу кўрсаткич бўйича еткакчилик қилаётган Қозоғистонга етиб олади ҳамда ўзиб кетади.


Соҳа кўргазмасидаги Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулоти. Agro.uz сайти фотоси

Қишлоқ хўжалиги вазирининг ўринбосари Сергей Левин раҳбарлигидаги Россия делегациясининг Ўзбекистон ташқи савдо вазирлиги вакиллари билан учрашувининг асосий мавзуси маҳсулот етказиб бериш ҳажмини кўпайтириш бўлиб қолди.

Қайд этилишича, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш процедурасини осонлаштирувчи “Яшил йўлак” тизимининг жорий этилиши ва хусусан, мева ва сабзавотларнинг фитосанитария назорати бўйича тадбирлар Россия ва Ўзбекистон ўртасида савдо муносабатларини ривожлантириш йўлида муҳим қадам бўлиб қолди.

Россия қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумоти бўйича, ўтган йилнинг етти ойи давомида Ўзбекистон деҳқонлари етиштирган маҳсулотлар импорти ҳажми $75 млн ёки 27%га ўсган.

Ўз навбатида Ўзбекистон давлат статистика қўмитаси ўтган йилда мева-сабзавот маҳсулотлари ва уларни қайта ишлаш натижасидаги маҳсулотлар экспорти ҳажми 708.8 млн долларни ташкил этганини маълум қилган бўлиб, бу бир йил олдин қайд этилган кўрсаткичлардан 15.6%га кўпроқ. Чет эллик шериклар кўпроқ ҳўл мева ва реза мева (35,9%), сабзавот (30,7%) ва узум (22,5%) сотиб олдилар.

Россия ва Ўзбекистон вакиллари Ташқи савдо вазирлигидаги учрашувда. Идора матбуот хизмати фотоси

Россия ҳаридорлар рўйхатида иккинчи ўринни эгаллайди, унинг ҳиссаси етказиб берилаётган маҳсулот умумий ҳажмидан 18%. Бу кўрсаткич бўйича у фақат Қозоғистондан ортда қолмоқда (46,4%) ҳамда Афғонистон(6,6%), Хитой (5,7%), Туркия (4,5%), Қирғизистон (4,3%) ва Ироқ (1,7%) каби мамлакатлардан ўзиб кетган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги