22:38 msk, 22 Май 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонлик сиёсий муҳожирлар Каримов ҳайкали муаллифини мукофот пулларидан маҳрум қилиш тўғрисида таҳдид қилдилар

08.02.2018 21:35 msk

Фарғона

Ҳайкалтарош Пол Дэй. Cafb.asia сайти фотоси
Ўзбекистонлик сиёсий муҳожирлар британиялик ҳайкалтарош Пол Дэйга очиқ хат билан мурожаат қилиб, Ўзбекистоннинг собиқ президенти Ислом Каримовга ёдгорлик устида ишлашдан воз кечишга чақирдилар. Хат муаллифлари шунингдек, агар у монумент устида ишини тўхтатмаса, ҳайкалторошга олдин берилган мукофотлар масаласини кўтаришга ваъда қилдилар.

Пол Дэйга аталган мактуб OpenDemocracy сайтида “Каримов қурбонларининг қони унга ёдгорлик яратган Пол Дэй ижодини булғаб қўяди”, деган сарлавҳа остида жойлаштирилган.

Муаллифлар Каримов туфайли кўп йиллар давомида ватанига бора олмаётганларини, собиқ президент террори важидан кўпчилик яқинлари ва дўстларидан айрилганларини айтиб бердилар. “Каримов назорати остидаги кучишлатар тузилмалар томонидан амалга оширилган қатағонлар сон-саноқсиз ватандошларимизни бир-бирларидан жудо қилиб қўйди, сиз бўлсангиз унинг сиймосини “Сент-Панкрас” станциясида жойлаштирган ўзингизнинг моҳирона яратган “Учрашув ери” дея аталувчи асарингизда акс эттиргансиз”, - дейилади мактубда.

Ҳужжатда шунингдек, Каримовга бошқа айбловлар қўйилган, уларнинг қаторида 2005 йил Андижон қатлиоми, катталар ва болаларни пахта далаларида қулларча ишлатиш, ҳибсга олишлар ва сиёсий рақибларни қийноққа солишлар бор.

Бундан ташқари, мактуб муаллифлари Каримовни Гитлер билан тенглаштирдилар: “Сизнинг энг машҳур асарларингиздан бири “Британия учун жанг” деб аталади ва монумент тинч аҳолини Адольф Гитлернинг бомбаларидан қутқариш учун ўз жонларини таҳликага қўйган одамларга бағишланади. Тахминимизча, сиз Гитлер ҳайкалини яратишдан бош тортган бўлардингиз. Нега энди сиз замонавий оммавий қотилни кўкка кўтариб ўз обрўйингизни таҳликага қўйдингиз?”

Улар шунингдек, Дэй қўлга киритган мукофотларни санаб ўтдилар ҳамда шу мукофотларни берган ташкилотларга мурожаат қилишга ваъда қилдилар: “Биз улардан диктатор, қотил ва бадиий эркинликларни бостирувчи шахс хотирасини абадийлаштиришга ҳиссасини қўшаётган ҳайкалтарошни ҳамон қўллаб келасизми?” деб сўраймиз.

Мактубнинг катта қисми масаланинг молиявий тарафига бағишланган. “Бу қонхўрни қаҳрамонлаштирганингиз учун Сизга қанча пул ваъда қилишди, жаноб Дэй?” – дея савол беришади мактуб муаллифлари. Каримов ва унинг оила аъзолари ўзларининг юқори мақомини суистеъмол қилиб давлатнинг жуда катта маблағларини ўғирладилар, дейилади мактубда. Сиёсий муҳожирлар Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова офшор компаниялар ёрдамида жиноят йўли билан топилган пулларни легаллаштиргани учун АҚШ расмийлари томонидан Магнитский рўйхатига киритилганини эслатдилар. Уларга кўра, яратилаётган ёдгорликни молиялаштираётган Ислом Каримов фондининг асл мақсади – обрўси булғанган оилани оқлаш бўлиб қолмоқда. Фонд собиқ президентнинг кенжа қизи Лола Каримова-Тиллаева томонидан тузилган, унинг эри Темур Тиллаев эса, ҳужжатда қайд этилишича, Каримов бошқаруви даврида Тошкентдаги энг йирик улгуржи бозорни қўлга олган.

“Биз Ўзбекистон расмийларини Тиллаев эгалик қилаётган бойликларнинг келиб чиқишини чуқурроқ ўрганишга чақириш бўйича кампания олиб боряпмиз. Бизнинг тахминларимизга кўра, расмийлар уларнинг фаолиятида солиқ тўлашдан бўйин товлаш ва ноқонуний даромадларни легаллаштириш бўйича далиллар топишлари мумкин. Бу ҳолатда оиланинг маблағлари музлатиб қўйилади ва сиз ўз гонорарингизни тўлиқ ололмай қоласиз”, - дейилади мактубда.

Мурожаатномани ўн бир киши: Надежда Атаева, Умида Ниязова, Ёдгор Обид, Улуғбек Ҳайдаров, Дэниел Андерсон, Қудрат Бабажанов, Алишер Абидов, Анвар Усманов, Мирраҳмат Мўминов, Дилобар Эркинзода, Салоҳадин Усманов имзолаган.

nk style="text-decoration: none;"> “Фарғона” халқаро ахборот агентлиги