18:07 msk, 21 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонликларга фақат суд орқали ажрашишга рухсат берилади

08.02.2018 21:30 msk

Фарғона

Pixabay.com сайти фотоси
Ўзбекистонда эр-хотинлар бундан буён фақат суд орқали ажраша оладилар, шунингдек, никоҳ тугатилганда эр-хотинларнинг мулкий жавобгарлигини жорий этиш таклиф қилинмоқда. Оила ва никоҳ тўғрисидаги қонунчиликка киритиладиган янгиликлар “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурида” (2.02.2018 йилдаги ПФ–5325-сон Фармонга 7-илова) назарда тутилган, дея хабар беради Norma.uz.

Бугунги кунда балағоатга етмаган фарзандлари бўлмаган ўзбекистонликлар ўзаро келишувга биноан ФҲДЁ орқали ажрашиб, никоҳларини тугатишлари мумкин. Қонунчиликка киритиладиган ўзгаришлар амал қила бошласа, никоҳни фақат суд тартибида тугатиш мумкин бўлади.

Шу билан бирга, ажрашиш ташаббуси билан чиққан шахснинг турмуш ўртоғига воз кечиш учун ҳақ тўлаш институти жорий этилади. Ушбу ҳақнинг миқдори суд томонидан белгиланади. Шунингдек, эр-хотинни яраштириш муддати 1 йилгача оширилади. Айни пайтда, суд ишнинг кўрилишини кейинга қолдириб, эр-хотинга ярашиш учун 6 ойгача муҳлат тайинлашга ҳақли.

Никоҳни қайд этиш қоидаларига ўзгартиришлар киритилади. Хусусан, никоҳ қайд этилишини кутиш муддати ошади (аниқ муддати ҳали айтилмади). Ҳозир қонунга мувофиқ, никоҳ тузишни хоҳловчи шахслар бу тўғрида белгиланган намунадаги ариза билан мурожаат этган кундан кейин бир ой ўтгач ФҲДЁ органи томонидан қайд этилади.

Никоҳланувчи шахслар махсус таълим дастури бўйича оилавий турмуш асосларига мажбурий ўқитилади. У илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилади.

Бундан ташқари, никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш натижалари бўйича уларнинг саломатлиги ҳолати тўғрисида била туриб ёлғон маълумотнома берганлик учун тиббиёт муассасаси раҳбари ва ходимларининг жавобгарлиги кучайтирилади. Бугунги кунда никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги низомга мувофиқ, кўрикни ўтказган врач кўрик натижаларининг холислиги учун шахсан жавоб беради.

Таъкидланишича, жорий йилнинг охиригача нормаларни яратиш жараёнида кўрсатилган янгиликларга тузатишлар киритилиши мумкин.

Адлия вазирлиги маълумотига кўра, ўтган йилда республикада 31.930 та ажрашишлар қайд этилган, бу олдинги йилга қараганда 8.1%га кўп энг кўп ажрашишлар 1-8 йил турмуш қурган эр-хотинларда кузатилган (58%). Шу билан бирга, 50 йилдан зиёд вақт давомида турмуш қуриб яшаган 23 та оиланинг ажрашиб кетгани қайд этилган.

nk style="text-decoration: none;"> “Фарғона” халқаро ахборот агентлиги