19:12 msk, 19 Февраль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда коллежларда ўқиш пуллик бўлади

05.02.2018 18:38 msk

Фарғона

Тошкентдаги политехника касб-ҳунар коллежи ўқувчилари. tpkhk.narod.ru сайти фотоси
Ўзбекистонда коллежларда ўқиш асосан пуллик бўлади. Касб-ҳунар коллежлари фаолиятини молиялаш манбалари тўғрисида қабул қилинган ҳужжатни президент Шавкат Мирзиёев 3 февраль куни имзолаган.

Norma.Uz қайд этишича, 2017/2018 ўқув йилида қабул қилинган ўқувчилар (ҳозир улар биринчи курсда таҳсил олмоқдалар) ўқишни тўлиқ тугатгунига қадар коллежларнинг харажатлари Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан таъминланади. Коллежларга янгича тартиб бўйича 11 синфдан сўнг кирганлар учун ўқиш пуллик бўлади.

Янги схема бўйича коллежлар вазирликлар ва идоралар тузилмалари, хўжалик бирлашмалари, тижорат банклари ва йирик корхоналар тузилмаларига бўйсунадилар. Айнан шу вазирликлар, идоралар тузилмалари, хўжалик бирлашмалари, тижорат банклари ва корхоналар таълимни молиялаштириб борадилар. Харажатларни қоплаш учун улар таълимни тўлов-контракт асосида амалга оширишлари ҳамда қонунчилик томонидан тақиқланмаган бошқа манбалардан молиявий ёрдам олишлари мумкин бўлади.

Касб-ҳунар коллежларида ўқиш учун давлат грантлари ажратилиши ҳам режалаштирилмоқда, бироқ бунинг ээвазига битирувчилар минтақаларда 3 йил ишлаб беришлари шарт бўлади. Тўлов-контракт асосида ўқиш қиймати миқдорини эса Молия вазирлиги Касб-ҳунар таълими маркази ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмалари билан келишган ҳолда белгилайди. Шунингдек, кам таъминланган оилалар фарзандларига бепул таълим олиш имкониятини берувчи механизм яратилади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги