22:25 msk, 22 Май 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Журналист Дилмурод Сайид озодликка чиқди

05.02.2018 18:35 msk

Фарғона

Дилмурод Сайид
Кўп йиллик қамоқ жазосини ўтаётган 55 ёшли журналист ва ҳуқуқ ҳимоячи Дилмурод Сайид (Сайидов) 3 февраль куни Қаршидаги колониядан озодликка чиқарилди, дея маълум қилади “Эзгулик” ҳуқуқ ҳимоя ташкилоти. Бу хабарни Сайиднинг укаси Обид ҳам тасдиқлади. Журналистни қанақа сабаблар билан озод қилингани тўғрисида маълумот йўқ.

Дилмурод Сайид “Эзгулик” ҳуқуқ ҳимоя ташкилотининг Тошкент вилояти бўлимига аъзо бўлиб, Самарқанд вилоятидаги фермерлар ҳуқуқини ҳимоя қилиб келган. Унинг мақолалари кўплаб оммавий ахборот воситаларида чоп этилган.

Сайид фермерларнинг ерлари ноқонуний тарзда тортиб олингани ҳақида хабар бериб, уларнинг номидан давлат ҳокимият органларига шикоят аризаларини тайёр қилганида, унга қарши товламачилик ва ҳужжатларни қалбакилаштириш бўйича уйдирилган жиноят ишини сохталаштирдилар.

Журналисть 2009 йил 22 февраль куни ҳибсга олинди, суд процесси июнда бошланди ва кўплаб қонун бузилишлари билан ўтди: жиноят ишидан муҳим ҳужжатлар йўқолди, судья эса кўпчилик гувоҳлар ўз кўрсатмаларидан бош тортганларига қарамай уларнинг ёзма кўрсатмаларига таяниб ишни кўриб чиқди. Шундай қилиб Дилмурод Сайид 2009 йил 30 июлида 12,5 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу вақтга келиб журналист сил касалига чалинди. Шунга қарамай, 11 сентябрь куни Самарқанд вилоят суди ҳукмни тасдиқлади ва Олий суд уни ўз кучида қолдирди.

Сайид қамоқдалигида бошига жуда катта мусибат келиб тушди: 2009 йил охирида унинг хотини ва қизи автоҳалокатда нобуд бўлдилар.

Human Rights Watch халқаро ҳуқуқ ҳимоя ташкилоти Сайидни сиёсий мотивларга кўра озодликдан маҳрум этилган журналистлар рўйхатига киритиб, уни зудлик билан озод этилишини талаб қилди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги