14:57 msk, 20 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонликлар расмийларнинг таъқиби тўғрисида Мирзиёевга шикоят қилишлари мумкин

05.02.2018 18:31 msk

Фарғона

Ўзбекистон президенти виртуал қабулхонаси сайти
Ўзбекистон президенти виртуал қабулхонасининг янги версияси 1 февралдан бошлаб ишга тушди. Функционалнинг қўшимча имкониялари орасида давлат раҳбарига мурожаат қилганидан сўнг давлат ҳокимиятининг турли органлари томонидан таъқибга учраган фуқаролар учун “Таъқиб ҳақида хабар” модули ўрнатилган.

Таъқиб ҳақида билдириш учун биттагина тугмачани босиб, махсус анкетани тўлдирсангиз кифоя. Қайд этилишича, бу каби шикоятлар тез ва устивор тартибда, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларини жалб этган ҳолатда кўриб чиқилади.

Виртуал қабулхона янгиланган версияси функционалининг яна бир муҳим таркиби сифатида анонимликни бекор қилинишини кўрсатиб ўтиш мумкин. Илгари фуқаролар истаган телефон рақамларини кўрсатишлари мумкин эди, энди бўлса кўрсатилган телефон рақамига СМС орқали калит сўз жўнатилади ва уни киритилгандан кейин мурожаат қабул қилинади.

Давлат раҳбари лавозимига сайланганидан бошлаб Шавкат Мирзиёев мамлакат раҳбарияти ва халқ билан ўртасида очиқ диалог сиёсатини эълон қилди. Республикада илк бор президентнинг виртуал қабулхонаси фаолият юрита бошлади. Бунақасини Каримов даврида ҳатто тасаввур ҳам қилиб бўлмасди. Ўшанда расмийлар аҳоли билан мулоқот қилишдан қочар, кўп ҳолларда юқори инстанцияга шикоят берган одамларнинг ўзлари таъқиб қилинардилар.

Мирзиёевнинг қабулхонаси ишлаганидан бери унга 1.619.758 та мурожаат келиб тушди, улардан 1.561.622 таси кўриб чиқилди. Амалда баъзи шикоятларга ижобий жавоб бўляпти, аризаларнинг аксарияти мутасаддиларнинг стандарт жавобларидан иборат.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги