18:56 msk, 19 Февраль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тошкент метрополитени илк бор фойда келтира бошлади

05.02.2018 18:27 msk

Фарғона

Тошкент метрополитени бекати. Wikipedia.org сайти фотоси
Тошкент метроси 2017 йилда илк бор 117 млн сўмлик фойда билан чиқди, дея маълум қилди “Газета.uz" нашри «Тошкент метрополитени» бош муҳандиси ва собиқ раҳбари Бахтиёр Содиқовга таянган ҳолда.

Нашр суҳбатдошига кўра, фойда рекламалар ҳажми ошгани ҳисобига таъминланди. Содиқов аниқ рақамларни келтирмади, бироқ «Passtrans Media» (транспортда реклама сотиш билан шуғулланувчи компания) сайтида жойлаштирилган маълумотга кўра, метро вагони эшиги устига жойлаштирилган битта стикер учун реклама берувчи бир ой давомида 3.890.000 сўм ($476) тўлаши керак. Таққослаш учун, йўловчилари анча кўпроқ бўлган Санкт-Петербург метросида бу каби хизматнинг нархи 880 рублга ($15,6) тенг.

Бахтиёр Содиқовга кўра, йил давомида жами бўлиб 62 миллион йўловчи ташилди. Бу аввалги йилга нисбатан 0,2 фоизга кўп демакдир. Ташиш ҳажмининг ошишига оз бўлсада 10:00 дан 16:00 гача пенсионерларга метрода юриш бепул қилингани ҳам таъсир қилди.

Халқаро «Метро» ассоциацияси маълумотига кўра, Тошкент метроси 2016 йилда 53.3 млн кишини ташиган. Бу кўрсаткич бўйича Тошкент собиқ совет республикалари пойтахтлари ичида олтинчи ўринни эгаллаган. Бу кўрсатгичлар Москвада - 2378,3 млн, Киевда - 484,58 млн, Минскда - 291,0 млн, Бокуда - 217,5 млн ва Тбилисида – 105 млн кишини ташкил этади. Дунё бўйича энг серқатнов метро Шанхай шаҳрида – 2016 йилда 3660 млн киши.

2020 йилда қиймати 170,1 млн долларни ташкил этувчи 7,1 километрлик эстакадали Сергели тармоғи фойдаланишга топширилиши режалаштирилмоқда. Линияда олтита бекат фаолият кўрсатади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги