18:38 msk, 21 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

МХХнинг собиқ раҳбарига дахлсизлик мақоми берилди

05.02.2018 18:18 msk

Фарғона

Рустам Иноятов. Sputnik сайти фотоси
Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг собиқ раиси Рустам Иноятов президент Шавкат Мирзиёев 31 январь кунги фармони билан Олий Мажлис Сенатига аъзо этиб сайланди. Бу ҳақидаги маълумот мамлакат президентининг расмий сайтида жойлаштирилган.

Олдинроқ шу куннинг ўзида Иноятов МХХ раиси лавозимидан четлаштирилиб, президентнинг сиёсий-ҳуқуқий масалалар бўйича давлат маслаҳатчиси этиб сайланганди.

Шундай қилиб, “Ўзбекистон Олий Мажлис Сенати тўғрисида”ги қонуннинг 6 моддасига мувофиқ, у дахлсиз мақомини олди. Қонунга мувофиқ, “у Сенатнинг розилигисиз, Сенат мажлислари оралиғи даврида эса, Сенат Кенгашининг розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши ёки суд тартибида берилган маъмурий жазога тортилиши мумкин эмас”.

Рустам Иноятов 73 ёшда. У Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматини 22 йилдан зиёд вақт давомида бошқариб келган ҳамда Ислом Каримов даврида ўзбек истеблешментининг энг нуфузли фигураларидан бири саналган. Иноятов Андижонда 2005 йилда содир бўлган фожиавий воқеадан сўнг Европа иттифоқига кириши тақиқланган саккиз ўзбекистонлик олий мартабали мулозимлардан биридир.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги