01:26 msk, 21 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда милиция ва банклар энг коррупциялашган ташкилотлар деб топилди

05.02.2018 18:02 msk

Фарғона

Pixabay.com сайти фотоси
Ўзбекистонда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва банклар энг порахўр тузилмалар деб тан олинди. Бу ҳақда “Ижтимоий фикр” маркази томонидан ўтказилган тадқиқотга таянган ҳолда “Новости Узбекистана” нашри хабар бермоқда.

Социологларнинг маълумотига кўра, респондентларнинг 25,7 фоизи ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ҳамда 21,4 фоизи банк секторида мулоқотида коррупция, порахўрлик ва товламачиликнинг айрим ҳолатлари тўғрисида билдирганлар.

Корруциялашган тузилмалар рейтингида шунингдек, судлар (19,6%), прокуратура органлари (19,5%), солиқ қўмиталари (13%) ва божхона хизмати (11,5%) бўлинмаларидан мисол келтирилган. Шаҳар ва туман ҳокимиятлари хизматларида, сертификация ва лицензиялаш билан шуғулланувчи органларда, маҳала фуқаролари йиғинларида ва Хусусий туррар жой эгалари ширкатлари, экология назорати хизматларида порахўрлик ҳолатлари тўғрисида тадқиқот иштирокчиларининг камроқ қисми қайд этиб ўтган.

“Ижтимоий фикр” 2014 йилда ҳам бу каби жамоатчилик фикрининг мониторингини ўтказиб, респондентларга “Ўзбекистонда коррупция мавжудми?” деган савол билан мурожаат қилганди. Ўшанда сўралганларнинг 56,8 фоизи “Ҳа” деб жавоб берганди.

Ўзбекистоннинг ҳозирги президенти Шавкат Мирзиёев давлат ҳокимият органларининг қонунга хилоф ҳаракатларига бир неча бор эътибор қаратган, уларни порахўрлиги учун танқид қилиб, “инновациявий фикрловчи” ёш мутасаддиларга алмаштираман, дея пўписа қилганди.

Президент ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларини янгилашга алоҳида эътибор қаратмоқда. ИИВ, Мудофаа вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати, Бош прокуратурада кадрлар ва раҳбарлар алмаштирилди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги