16:25 msk, 20 Май 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматига Ихтиёр Абдуллаев раҳбар этиб тайинланди

31.01.2018 21:55 msk

Фарғона

Бугун хабар берганимиздек, бугун генерал полковник Рустам Иноятов Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати раиси лавозимидан четлатилди. Унинг ўрнига шу кунгача мамлакат бош прокурори лавозимида ишлаб келган Ихтиёр Абдуллаев тайинланди. Бу ҳақда “Фарғона” агентлигига Тошкентдаги ўз манбалари маълум қилдилар.


Ихтиёр Абдуллаев

Ихтиёр Бахтиёрович Абдуллаев 1966 йилда Фарғонанинг Учкўприк туманида туғилган. 1988 йилда Россиянинг Пермь Давлат университетини ҳуқуқшунослик соҳаси бўйича тамомлаган.

Ўқишни тугатиб, Абдуллаев 1988-1995 йилларда Фарғона вилоят судида суд ижрочиси, Фарғона вилоят Адлия бошқармасида бош маслаҳатчи, Жиноят ишлари бўйича вилоят суд коллегияси раиси лавозимларида ишлаган.

Абдуллаев 1995 йилда Ўзбекистон президенти маъмуриятига ишга ўтган. Дастлаб у президент аппаратида фуқаролик ва амнистия масалалари бўйича референт, кейинчалик Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари идоралари ва назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Ўзбекистон президенти давлат маслаҳатчисининг ёрдамчиси бўлиб ишлади.

Ихтиёр Абдуллаев 2000 йилдан бошлаб Андижон вилоят судяси вазифасини бажарди ва 2001 йилда яна президент маъмуриятига қайтди.

У Ҳуқуқ-тартибот идоралари ва назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича давлат маслаҳатчиси муовини лавозимига тайинланди.

Абдуллаев 2002-2006 йилларда Ўзбекистон Адлия вазирининг биринчи муовини, 2006-2007 йилларда Ўзбекистон президентининг ҳуқуқий ислоҳотлар бўйича давлат маслаҳатчиси вазифасини бажарувчи, 2007-2009 йилларда эса Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари идоралари ва назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича давлат маслаҳатчиси бўлиб ишлади. 2009 йилдан 2015 йилгача эса Абдуллаев Президентга Кадрлар бўйича маслаҳатчи, 2015 йилда эса республика Бош прокурори лавозимига тайинланди.

“Фарғона”халқаро ахборот агентлиги