14:54 msk, 18 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Расмийлар Тошкентдаги авлиёларнинг қабрларини кўчиришмоқчи

31.01.2018 19:01 msk

Фарғона

Тошкент шаҳар Пенков берк кўчаси, 2 манзилида жойлашган XVII аср мусулмон авлиёларининг қабрлари "бошқа жойга" кўчирилади. Бу ҳақда мозор шайхи Нуритдин Аҳмедовга Шайхонтоҳур тумани ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Байрон Гамлетович Ғайбуллаев маълум қилди. Имом ал-Бухорийнинг авлоди шайх Аҳмад Махдум ибн Муҳаммадали мозори қаерга кўчирилиши тўғрисида мутасадди раҳбар маълумот бергани йўқ.


Ўқчи-Олмазор маҳалласидаги мозор. “Фарғона” фотоси

Нуритдин Аҳмедов “Фарғона” агентлига билдиришича, мозорни кўчириш Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг 2014 йил апрелида имзолаган фармонига зид келади. Хусусан, мазкур фармонда айтилишича, мозорлар ва бошқа тарихий ва маданий ёдгорликлар дахлсиздир.

“Фармонга кўра, бу каби мозорлар фақат табиий офатлар – ҳалокатлар, зилзилалар, сув тошқинлари оқибатида бузиб бошқа жойга кўчирилиши мумкин, - дейди Аҳмедов. – Уларнинг ўрнига қандайдир давлатга қарашли биноларни қуриш мумкин эмас. Фақат ободонлаштириш мумкин”.


Нуритдин Аҳмедов. “Фарғона” фотоси

Аҳмедов мозорга дафн этилган авлиёларнинг авлоди бўлиб, қабрларни қўлидан келганича муҳофаза қилишга бел боғлаган. У Ўзбекистон Конституциясининг “Фуқаролар Ўзбекистон халқининг тарихий, маънавий ва маданий меросини авайлаб асрашга мажбурдирлар. Маданият ёдгорликлари давлат муҳофазасидадир”, дейилган 49 моддасини эслатди.

“Фарғона” суҳбатдошига кўра, авлиёларнинг қабрларни очиш, кўчириш ва йўқ қилиш одатда шу ишни бажарган одамларга, уларнинг оилаларига бахтсизлик келтиради, - дейди ишонч ила Аҳмедов. – Жойида турса, шифо бағишлаши мумкин. Олдин ҳам одамлар шунга ишонмаган, аммо буни ўзида синаб кўрганлар бор. Шунинг учун яхшиси мозорга тегмаган маъқул!”


Ўқчи-Олмазор маҳалласидаги собиқ карвонсарой. “Фарғона” фотоси

Шу билан бирга, шу кунларда Ўқчи-Олмазор маҳалласига келиб кетган Шайхонтоҳур тумани ҳокимлиги вакили қўҳна мозорга тегилмайди, бироқ унинг ҳудудидаги иншоотлар ва шу жумладан, Аҳмедов истиқомат қилаётган уй ҳамда 1917 йилги октябрь инқилобигача карвон сарой бўлиб хизмат қилган тарихий бино бузилади деб билдирди. Энди бўлса Аҳмедовлар оиласи кимга ишонишни билмай қолди.

Ўқчи-Олмазор маҳалласидаги мозор Тошкентдаги сақланиб қолган йигирмата муқаддас зиёратгоҳлардан бири саналади. Одамлар мозорларни зиёрат қилса, дардларига шифо топиши, иш йўллари ва оилавий бахти очилишига, фарзанд кўришига ишонадилар.

Ўқчи-Олмазор маҳалласи Ўзбекистон пойтахти расмийлари “Тошкент-Сити” ишбилармонлик маркази барпо этмоқчи бўлган ҳудудда жойлашган. Бу ерда 40 қаватли бинолар, 12 қаватли турар жой уйлари, меҳмонхоналар, кўргазма заллари ва истироҳат боғлари қурилади. Бу ишларни икки босқичда барпо этиш режалаштирилмоқда. Лойиҳа қиймати – 1 млрд долларга тенг.


Ўқчи-Олмазор маҳалласидаги мозор. “Фарғона” фотоси

Номи юқорида зикр этилган маҳаллада 520 та турар жой уйлари бор бўлиб, уларда 2165 та оила рўйхатга олинган. Расмийлар уларга Тошкентнинг Яшнобод туманида 2018 йил июнь ойигача 21 та кўпқаватли уйларни қуриб бериб, 1155 та квартирани тақдим этишга ваъда қилган.

Ўз мухбиримиз

“Фарғона”халқаро ахборот агентлиги